МУҚАДДАС БУРЧ

907

Дунё тарихига назар солинса, кўз ўнгимизда турли ҳил воқеа ва ҳодисалар, қирғинбарот урушлар, вайрон бўлган шаҳару қишлоқлар, пайхон бўлган боғу роғлар ва экинзорлар ҳамда энг ачинарлиси, жабрланган ва қурбон бўлган бегуноҳ одамлар намоён бўлади.

Тожу тахт талашиб, ўзга юртларни босиб олиш ва бойликларини талон-тарож йўли билан тортиб олиш эвазига тўпланган молу мулклар бу бевафо дунёда кимларнинг қўлида қолиб кетмади дейсиз.

Бераҳим босқинчиларнинг хору зорликка учраб, охир-оқибат ҳалокатга маҳкум этилганлиги-чи, ҳанузга қадар қилган қотилликлари туфайли лаънат ва нафрат билан тилга олинишлари-чи, золим ҳукмдорлар қўл остида эзилган оддий халқ вакилларининг бошиларига тушган оғир мусибату кулфатлар ва  улар тортган азобу уқубатлар-чи, ўз эрки ва эътиқоди учун, халқнинг ҳимояси ҳамда ватанининг озодлиги йўлида жон фидо қилган қаҳрамонлар-чи, улар ҳақида ҳикоя қилувчи хотиралар ҳамон тарих саҳифаларида ёрқин из қолдириб келмоқда.

Бугунги давр, тўхтовсиз шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бугунги кун харбий қўшинлари ҳамда унда хизмат қилаётган аскарларнинг дунёқарашлари ва тушунчалари тамомила ўзгарган.

Тарихий ҳақиқат ва аччиқ сабоқ: тинч меҳнат шароитда яшаб, хотиржам ҳаёт кечириш нақадар улуғ илоҳий неъмат эканлигини барча оқил инсонлар ҳар лаҳзада эслаб турадилар.

Алҳамдулиллаҳ, азиз юртимиз ўз мустақиллигига эришиб, ота-боболаримизниг азалий орзу-умидлари рўёбга чиқди. Фуқароларнинг барча ҳуқуқлари ва виждон эркинлиги қонун билан кафолатланди. Миллий ва диний қадриятлар тикланиб, ўзмизга хос миллий ғоя ва мафкурамиз шаклланди. Истиқлол шарофати билан халқимизнинг турмуш даражаси, фаровонлиги кундан-кун ортиб  бормоқда. Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига изчил ва босқичма-босқич ўтиб, Ватанимиз тараққиёти йўлида оламшумул ишлар аламга оширилмоқда.

Конституциямизнинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар” –  деб ёзиб қўйилган.

Ушбу масъулиятнинг амалий ижросига оид ҳолатлар қонунчилик ҳужжатларида ҳар жиҳатдан ифодалаб берилган.

Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 225-моддасида ҳарбий ёки муқобил хизматдан сабабсиз бўйин товлаган шахс белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши ва жазоланиши кўрсатилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам жанг майдонидан қочиш ҳарбий хизматдан бўйин товлаш ҳалокатга элтувчи етти хил катта гуноҳлардан бири сифатида уқтириб ўтилган.

Чунки умумий сафарбарлик эълон қилинган тақдирда барча фуқаролар зиммасига Ватанни ҳимоя қилиш ва мудофаа ишларига кўмаклашиш вожиб бўлади. Бундай шарафли хизматдан узрсиз бош тортиш ва баҳона топиш жиноят деб баҳоланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қиладиким:

 بَلِ اللهُ مَوْلاكُمْ وَ هُوَ خَيْرُ النَاصِرِينَ

 яъни “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва ёрдам бергувчиларнинг яхшисидир. (Оли Имрон, 150)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  қуйидаги сўзлари мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ниятида кечаю кундуз хизматда турган ўғлонларимизга башоратдир.

(قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّ اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: رِبَاطُ يَوْمٍ فِى سَبِيلِ اللهِ اَفْضَلُ مِنْ صِيَامِ شَهْرٍ وَ قِيَامِهِ.  (رواه الطبرانى

 яъни “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш – бир ой кечалари (нафл) ибодат қилиб, кундузлари (нафл) рўза тутишдан афзалдир”.

Жаноби Сарвари олам Муҳаммад алайҳиссалом яна:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّ اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: عَيْنَانِ لا تَمَسُّهُمَا النَّارُ؛ عَيْنٌ بَكَتْ فِى جَوْفِ اللَّيْلِ خَشْيَةً للهِ وَ عَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِى سَبِيلِ اللهِ

(رواه الترمذي)

яъни “Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах ўти куйдирмайди”, (Имом Термизий ривояти).  дея элу юрт ҳимоясида турган баҳодир ўғлонларимизга бериладиган мукофотлар ҳақида баён қилинган.

Ҳарбий хизматга чақирилаётган йигитлар азиз ватани, ота-оналари ва яқинларини ҳимоя қилиш ҳамда тинчликни таъминлаш йўлида бел боғлаб қасамёд қиларканлар бу ишни ўзига юксак шараф деб билиб, садоқат билан хизмат қиладилар.

Жонажон Ватанимиз мустақиллигини муҳофаза қилиш ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигини, тинчлиги ва осойишталиги давомийлигини таъминлаш учун ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга тайёр турган барча довюрак ва жасур ўғлонларимизга Аллоҳ таолонинг ўзи ҳамиша мададкор бўлсин.

  Шахрихон туман бош имом-хатиби

Турғунов Иззатуллоҳ Ҳалимқори ўғли