Ҳуррият – олий неъмат!

1029

Аллоҳ таоло бизларга жуда кўп, беҳисоб неъматларни ато қилди. Истиқлол – ана ўша неъматлар орасида энг улуғларидандир. Ҳа азизлар, истиқлол неъматига қайта эга бўлганимизга мана 27 йил бўлибди. Саноқли кунлардан кейин истиқлолимизни катта шодиёна ила нишонлаймиз.

Мусулмон киши Аллоҳ таоло берган неъматларни доимо эътироф қилиб, уларнинг шукрини адо этиб бориши лозим. Шунда Аллоҳ таоло бераётган неъматларини янада зиёда қилиб беради. Шукр келтириш ўрнига ношукрлик қилса, неъматлар заволи ва қаттиқ азобга гирифтор бўлади. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида бот – бот эслатади.

Неъматларга шукр қилиш борасида Аллоҳ таоло айтади: “Ва, аммо, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла”. (Зуҳо сураси, 11 – оят).

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ оят тафсирида Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳнинг Абу Назрага қадар муттасил санад билан ривоят қилган қуйидаги гапини келтиради: “Мусулмонлар неъматлар ҳақида гапиришни унинг шукридан, деб ҳисоблар эдилар”.

Ҳадиси шарифда эса: Нўъмон Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким озга шукр қилмаса, кўпга шукр қилмайди. Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳга шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Уни тарк қилиш эса ношукрликдир. Жамоат раҳматдир. Бўлиниш азобдир”, – дедилар”. (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Демак, неъматлар ҳақида гапириш, уларни доим эътироф этиш ўша неъматга нисбатан шукр ҳисобланар экан. Биз ҳам ўз шукримизни бу неъмат ҳақида мўжаз мақола ёзиш билан ифода этмоқдамиз.

Инсон учун истиқлол, эркинлик, ҳуррият энг қадрли тушунча, энг улуғ неъмат ҳисобланади. Истиқлолни ҳар ким ўзининг энг гўзал сўзлари билан ифода қилади. Шоир ўз шеърида, ҳофиз тараннумида, адиб ижодида, қўйинки, ҳамма бу улуғ неъматга ўзича таъриф бергиси келади.

Хўш, динимизда истиқлол, ҳуррият неъматлари ҳақида нималар дейилган. Муслумонлар бунга қандай муносабатда бўлиши керак?! Қуйида мана шу саволларга жавоб оламиз.

Дунёда ҳар бир инсон бахтли, саодатли ҳаёт кечириш орзуси билан яшайди. Бу орзуни ушалиши йўлида унга тинчлик–хотиржамлик, саломатлик, ҳуррият, ватан, кифоя қилгудек ризқ каби улуғ неъматлар ҳамроҳ бўлиши лозим. Ўрни келганда бу мавзулар борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтамиз. Чунки уларнинг ҳар бири алоҳида, кенг қамровли мавзудир. Агар инсон ўша неъматларнинг биридан маҳрум бўлса, унинг ҳаётида ташвишлар, турли синовлар аста бўй кўрсата бошлайди.

Аллоҳ таоло инсонни илк куниданоқ ҳур, азиз ва мукаррам қилиб яратди. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай дейди: «Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз», дедилар. У: «Мен сиз билмаганни биламан», деди». (Бақара сураси, 30 – оят).

Оятда кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло инсонни Ўзининг ердаги халифаси – ўринбосари қилиб яратди. Унинг атрофидаги барча нарсаларни унинг хизматига бўй сундириб қўйди.

Аллоҳ таоло қулликни биргина кўринишини амалда қолдириб, ундан бошқа қулликни ҳамма туридан инсонни озод қилди. Амалда қолдирилган қуллик эса – Аллоҳ таолога бўлган қулликдир! Буни истилоҳда убудият, дейилади. Шунга кўра, инсоннинг эрки ўз қўлидадир. Бошқа мол – давлатига, нафсига ва ўзига ўхшаш инсонга қул бўлиши мумкин эмас. Ваҳоланки, одам боласи дунёга ҳур бўлиб келади. Шу ўринда Умар розияллоҳу анҳунинг мана бу машҳур гапини келтириш ўринли: «Сизлар қачондан одамларни қул қилиб оладиган бўлдингиз. Ваҳоланки, уларни оналари ҳур қилиб дунёга келтирган?!»

Ҳур қилиб яратиб яна уни азизу мукаррам қилди.

«Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик…» (Исро сураси, 70 – оят).

Дарҳақиқат, одам боласи борки, азиз ва мукаррам. Унинг мукаррам экани ҳурлигида кўпроқ намоён бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтишимиз керакки, истиқлол бизларга берилган улуғ неъмат бўлиши баробарида келажак авлодга топширадиган омонатҳамдир. Бу неъматга доимо шукр келтириш, уни кўз қорачиғидек сақлаш шу заминда истиқомат қилувчи ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Минг шукрки, Аллоҳ таоло бизларга ИСТИҚЛОЛ неъматини берди. Шу сабабли эркимиз, динимиз ҳамда моддий – маънавий бойликларимизга  ўзимиз эга бўлдик. Бошқаларга қарам бўлишдан халос бўлдик.

Бир эслаб кўринг, мустақиллик, ҳурлик орзусида қанчадан – қанча ота – боболаримиз қон йиғлаб, дунёдан ўтдилар. Бу улуғ неъматга эга бўлиш улар учун орзуга айланди.

Аллоҳ таоло аждодларимизга насиб этмаган ўша орзу рўёбини биз авлодларга кўрсатди.

Мана, истиқлолга эришганимизга ҳам 27 йил бўлибди. Аллоҳ таоло мустақиллигимизни абадий қилсин. Яратган юртимизни доимо тинч, осмонимизни мусаффо, халқимиз ҳаётини фаровон, мустақиллигимизни абадий бўлишини ўзи таъминлаган бўлсин. Амин.

Андижон вилоят бош имом-хатиби

НУРИДДИН ДОМЛА Холиқназаров

[prin-me]