Биз ҳайит байрами деб атаётган байрам араб тилида “ийд” яъни “қайтиш”, “такрор келиш” маъноларини англатади. Бу байрам қайта-қайта келгани учун мазкур ном билан аталган. Баъзи уламолар: “Бу байрам инсонларга уларнинг қийинчилик ва ғам ташвишларига қарамасдан ҳар йили уларга хурсандчилик ва шодлик билан қайта-қайта келгани учун “ийд” деб номланган, деганлар.

Муқаддас динимизда учта улуғ байрам бор:

Ийд ул-фитр. Бу байрам ҳар йили Шаввол ойининг биринчи куни нишонланади;

Ийд ул-азҳо. Бу байрам ҳар йили Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади;

Ҳафталик байрам. Ҳар ҳафтанинг жума куни мусулмонлар учун байрам ҳисобланади.

Икки ҳайит байрами кунлари ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Уларнинг (Мадиналикларнинг) ўйнаб ҳордиқ чиқарадиган икки кунлари бор эди. У зот алайҳиссалом: “Бу икки кун қандай кун”, дедилар. Мадиналиклар: “Биз жоҳилиятда бу икки кунда ўйнаб ҳордиқ чиқарар эдик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло сизларни бу иккисидан яхшироқ кунларга алмаштирди, ийдул азҳо ва ийдул фитр”,дедилар”. (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Ушбу икки ҳайит байрами Исломнинг икки улуғ рукнлари ортидан келади. Улардан бири Рамазон рўзаси тугаганидан сўнг, иккинчиси ҳаждан кейин яъни ҳожилар Арафотда турганларидан сўнг нишонланади.

Ийдул-Азҳо куни Ийдул-Фитр кунидан фарқли ўлароқ, ҳайит намозига ҳеч қандай егуликдан тотинмаган ҳолда чиқиб кетиб, намоздан қайтгач, сўйган ёки ўзига ҳадя этилган қурбонликнинг гўштидан ейиш мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қиладилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни нарса емагунча намозга чиқмас эдилар, Азҳо куни эса ҳайит намозини ўқиб бўлмагунча нарса емас эдилар” (Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоятлари). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Азҳо куни намоздан олдин таом ейишдан тийилишларининг ҳикмати ҳақида Мулло Али Қорий (р.ҳ.) бундай дейдилар: “Бунинг сабаби ўша кунда биринчи бўлиб ейдиган нарсаси ўз қурбонлигининг гўштидан бўлмоғи учундир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ундан (яъни сўйган қурбонлигингизнинг гўштидан) енглар ва бечора-камбағалларга ҳам едиринглар!” Шу боис ҳам, Аллоҳнинг амрига бўйсуниш юзасидан у куни энг биринчи ейиладиган нарса қурбонлик гўшти бўлади”.

 Ҳозирги пайитда бутун дунёда covid-19 вируси сабабидан корантинлар эълон қилингани ҳеч биримизга сир эмас. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига асосан ҳайит намозларини ўз ҳонадонларимизда адо қиламиз. Лекин бу билан байрам ўз шукуҳини йўқотмайди. Аҳли-оилаларимиз билан биргаликда чиройлик дастурхонлар солиб,  Аллоҳ таоло ато этган ноз-неъматлардан баҳраманд бўлган ҳолда, байрамни оиламиз даврасида нишонлаймиз.

Ҳайит байрамлари барча мусулмонлар шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кунлар ҳисобланади. Бу кунларда мўминлар Аллоҳ таолога берган сон-саноқсиз неъматлари учун, шукрона сифатида садақаи фитрларни берадилар, қурбонлик қиладилар такбир айтадилар, ҳайит намозларини адо этадилар. Ҳайит байрами кунлари ибодат ва шукрона кунлари, хурсандчилик ва шодлик кунларидир. Шунга кўра бу кунлар дунё ва охират яхшиликлари жамланган улуғ кунлар ҳисобланади.

Аллоҳим бизларга бу байрамни қутли-муборакли қилгин. Бу кунда қиладиган ибодатларимизни, дуоларимизни ижобат қилгин. Халқимизнинг бошига келаётган мусибат ва балоларни ўзинг аритгин. Иймонда, Эътиқотда саломат қилгин. Амин!

Саидбурхон домла Сотволдиев,

Шаҳрихон тумани “Жўрабой”

жоме масжиди имом-хатиби