Ҳунарли киши хор бўлмас

1618

Маълумки, инсон ҳаётида ризқ алоҳида аҳамият касб этади. Унинг ҳалол йўл билан топилгани эса энг ширин ва тотли ризқ саналади. Шу боис ҳам муқаддас динимиз ҳар бир инсонни ҳунарли, касб-камолотли бўлишга чақиради. Инсон ҳаёти ўзи учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-бош, турар-жой таъминоти қадим-қадимдан йўлга қўйган бўлиб, буларни эса меҳнат, касб орқали амалга оширган. Тижорат, зироат, чорвачилик ва бошқа касб бўлсин, албатта инсон саъй-ҳаракати орқали бўлади. Дунё насибасига эга бўлиш, ҳаётда ўз ўрнини топиб яшаш, касб-ҳунар билан машғул бўлиш, неъматларга вақтида шукур қилиш, уларни тежаб-тергаб, исроф қилмай, иқтисод қилиб фойдаланиш, уларни фисқу-фасод ишларга сарфлаб суистеъмол қилмаслик ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиз эканини Исломнинг бош шиори ҳисобланади. Улуғ мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа (р.а.) ва у зотнинг шогирдлари ва издошлари бу ўринда ҳаммаларимизга намуна эканларини яхши биламиз.

Шунингдек, барча пайғамбарлар ҳам ризқни ҳалолдан топиб, касб-хунар ўрганиб, у орқали ҳаёт кечирганлар. Масалан, Одам алайҳиссалом ризқларини буғдой-арпа экиш, ўриш, тегирмон қилиш ва нон ёпиш, орқали, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Иброҳим алайҳиссалом баззозлик, Довуд алайҳиссалом совут ясаш, хурмо дарахти новдаларидан сават тўқиш, ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом чўпонлик ва савдогарлик билан машғул бўлганлар. Шунингдек, саҳобаи киромлар ҳам ўз оиласини боқишликда бирон касб-ҳунар билан ризқ топишликка интилганлар. Муборак ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганлар:

“Ростгўй ва ишончли тижорат соҳиби жаннатда набийлар, сиддиқлар ва шуҳидлар билан бирга бўлади”. Бу ҳадиснинг маъноси барча тижорат билан шуғулланувчилар, тадбиркорлар, касб-хунар билан машғул бўлганларни ҳам ўз ичига олади. Аввало ўзимиз, қолаверса, фарзандларимизни ҳам ҳалол меҳнат қиладиган, касб-хунар эгалари қилиб тарбияламоқ ҳам фарз, ҳам қарздир.

Отабек Хусанов

Олтинкул туман

“Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби