Ҳазрат Мир Алишер Навоийдек беқиёс истеъдод, буюк ижод соҳиблари дунё адабиётида бармоқ билан санарли. Ул зотнинг бой ва бетакрор мероси беш ярим асрдан бери наинки туркий улуслар, балки жаҳон аҳлини эзгуликка, меҳр ва садоқатга, инсонийлик ва ватанпарварликка ундаб келади.

         Давлатшоҳ Самарқандий Алишер Навоийни “Мир Низомиддин”, яъни “диннинг низоми – қонуни” деб бежиз улуғламаган. Ҳазрат Навоийнинг деярли барча асарларида, хусусан, “Хамса” достонларининг муқаддималарида Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наът, муножот ва Расулуллоҳ с.а.в мадҳининг мавжудлигиёқ бу фикрни тасдиқлайди. Биз қуйида кўриб чиқадиган асарларда Алишер Навоий шариат ва тасаввуф илмининг чуқур билимдони, назариётчиси сифатида намоён бўлади.

        Алишер Навоийнинг “Сирожу-л-муслимин” (“Мусулмонлар нури”) асари соф диний йўналишда бўлиб, ислом дини аҳкомларини ёритишга бағишланган. Асар маснавий шаклида ёзилган бўлиб, ҳажман 197 байтдан иборат. “Сирожу-л-муслимин” ҳамд ва наът, китоб ёзилишининг сабаби, исломга оид фиқҳий ва ақидавий масалалар шарҳи ва хотимани ўз ичига олади.

Ҳазрат Навоий, аввало, Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га салот ва саломларини йўллагач, мазкур китоб назмининг сабаби баёнига ўтади. Даставвал султон Ҳусайн Бойқарога чексиз ҳурматини изҳор этиб, бир воқеани баён қилади. Унга кўра, шоҳ мажлисларидан бирида бир нуктадон инсон Ҳусайн Бойқарога: “Навоийнинг шеърлари жуда ажойиб, ундан баҳраманд бўлган одам яна баҳра олмоқни хоҳлайди, лекин бундан не фойда бор?”, – деган маънода фикр билдиради. Аслида шоир кўпдан буён фиқҳ ва ақидага доир асар ёзишни ният қилиб юрардию, азбаройи юмуш кўплигидан бунга фурсат тополмаётган эди. Самарқанддан бир улуғ инсоннинг Ҳиротга ташриф буюриб, пири муршид Хожа Аҳрор Валийнинг шоирдан диний масалалар шарҳини ёритувчи китоб ёзишни сўраганини айтганидан сўнг Алишер Навоий катта иштиёқ билан ишга киришади:

…Чу сўрди Исо анфоси бу дамни,

Ҳам ул дам азмиға йўндум қаламни…

Алишер Навоий “Китоб назмининг сабаби” қисмида аввал ақида шарҳини, сўнг фарз, вожиб, суннатни баён этишини, бундан аҳли исломга фойда бўлишини айтади:

…Ҳам эткаймен бурун шарҳи ақойид,

Ки, ислом аҳлиға бергай фавойид.

Яна ҳам фарз, ҳам вожиб, сунан ҳам,

Неки ориз бўлур яхши, ёмон ҳам…

Асарнинг асосий қисмида Алишер Навоий ўзи айтганидек, даставвал ақоид ҳамда шариат ҳукмлари шарҳига тўхталади. Бунда шоир ислом аҳкоми икки қисм: ақида ва амал (шариат)дан иборат деб ёзар экан, ақида пок бўлмаса, амалнинг аҳамияти юқори бўлмаслигини таъкидлайди.

Алишер Навоий иймон шартлари сифатида Аллоҳнинг биру борлигига, фаришталарга, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, охират кунига, қадар – тақдирга ишониш кабиларни санаб ўтади.

Алишер Навоий бундан ташқари  “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) – ҳадисларнинг шеърий таржимаси асари, ”Вақфия”  Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти, вақф қилдирган ерлари, қурдирган бинолари ҳақида маълумот берувчи асари, “Назму-л-жавоҳир” насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Алининг икки юз эллик беш рақам остида тартибланган араб тилидаги ўгитларининг туркий тилда рубоий шаклида берилган талқини асарлари мавжуд.

Шунингдек,  ҳазрати Алишер Навоийнинг авлиёлар таржимаи ҳолига бағишланган “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” асари шоирнинг етук мутасаввиф олим сифатидаги фаолиятини кўрсатувчи муҳим манбадир.

Алишер Навоийнинг мазкур диний йўналишдаги асарларини ўрганиш орқали унинг динга бўлган муносабати, эътиқоди билан боғлиқ муайян маълумотлар олиш билан биргаликда, унинг ислом илмларининг етук билимдони эканлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қиламиз. Бу улуғ шоирнинг ўз даври ижтимоий ҳаётида тутган ўрни нечоғлик муҳим бўлганлигини белгилаб берувчи ўзига хос омил эканлиги билан аҳамиятли саналади.

Дарҳақиқат, ҳазрат Навоий буюк шоир ва мутафаккир, беназир олим, борингки, улуғ авлиё бўлганлари ҳам айни ҳақиқат. Аммо, ул зот биринчи навбатда ҳамма қатори оддий, самимий инсон бўлганлар. Самимият ва камтарлик буюк бобомизнинг энг гўзал фазилатларидан эди. Либосларига илашиб қолган чумолини ўз инига олиб бориб қўйишлари, чодир устида ин қурган ғурракнинг полапонлари нобуд бўлмаслиги учун алоҳида посбон қўйиб унга маош тайинлаганлари ул зотнинг наинки инсонларга ҳатто барча жонзотларга меҳри ва мрувватидан дарак беради.

Бахтиёржон домла Қодиров,
Бўстон тумани бош имом-хатиби.