Ҳамжиҳатлик тинчлик гарови

1007

Динимиз таълимотларида мўминлар ҳамжиҳатликка, аҳил-иноқликка, дўст-биродарликка ва аҳилликка чақирилади. Бу тўғрида кўплаб оят, ҳадис ва кўрсатмалар бор. Жумладана Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Оли Имрон” сурасида бизларга шундай хитоб қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاَ تَمُوتُنَّ إِلاَّ وَأَنتُم مُّسْلِمُونَ * وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَتَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَاناً وَكُنتُمْ عَلَىَ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

            Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг. Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз. (Оли Имрон. 102-103)

            Мўмин бандалар ўзаро яхши ишларда ва эзгу амалларда ҳамжиҳат бўлишлари керак:

            عَلَى الْبرِّ وَالتَّقْوَى وَلاَ تَعَاوَنُواْ عَلَى الإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُواْ اللّهَ إِنَّ اللّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

            Яъни: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир. (Моида. 2)

            Худога шукрки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Халқимизнинг ҳаётлари фаровон, йўлларимиз чароғон. Булар ҳаммаси, аввало Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ато қилган неъмат эканлигини унутмаслигимиз керак. қолаверса, тинчлик йўлида ҳаммамиз ҳамжиҳат бўлишимиз керак.

            Мўминлар орасида ҳеч қачон тафриқа ва айро йўллар бўлмаслиги керак. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга буюради:

                وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

            Яъни: “Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир. (Оли Имрон. 104)

            Кейинги оятда эса тафриқадан қайтаради:

                وَلاَ تَكُونُواْ كَالَّذِينَ تَفَرَّقُواْ وَاخْتَلَفُواْ مِن بَعْدِ مَا جَاءهُمُ الْبَيِّنَاتُ وَأُوْلَـئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

            Яъни: “Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлмаганлар, ана ўшаларга улуғ азоб бордир”. (Оли Имрон. 105)

            Бу борада имом-хатибларга катта масъулиятлар юкланади. Айниқса, муҳтарам Юртбошимиз бизларга ишонч билдириб турганда, бизларда лоқайдликка мутлақо йўл бўлмаслиги керак. президентимизнинг ушбу сўзлари доимо қулоғимизда бўлиши лозим:

            “Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф. Шунинг учун соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилишни аввало кимдан сўраймиз? Сиз, азизлардан сўраймиз. Шу борада барчамиз кимдан ибрат оламиз? Сиз, азизлардан. Шунинг учун ҳам сизларнинг катта билимингиз, обрў-эътиборингизни инобатга олиб, мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг. Агар маҳаллангизда бирорта бола зарарли диний оқимга кириб қолган бўлса, уни нотўғри йўлдан қайтаришга ҳаракат қилинг. Аввало, улар билан гаплашиб, бу – ота-боболаринг йўли эмас, бу йўлдан қайт, ҳақиқат мана бу ёқда, тинчлик ва эзгулик йўлидан бориб, ҳеч ким кам бўлмаган, деб уларни соғлом эътиқодга ишонтириш керак”. (“Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан)

Турсунали Норбўтаев

Асака туман

“Мирзо Шариф”

жоме масжиди мутаваллиси