Ҳалол меҳнат

994

Ислом дини ҳалол меҳнат қилиш, касб-кор қилишни улуғлади ва унга ажр-савоблар ваъда қилди. Қуръони каримнинг бир неча ўрнида ҳалол касб қилиш ибодат билан бирга зикр қилинган. Жумладан, намоз ибодатини адо қилгандан кейин тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазли – ҳалол ризқ излаш ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ (سورة الجمعة الاية-10)

яъни:Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз(Жумъа сураси 10-оят).

              Ҳадиси шарифларда энг яхши касб инсон ўз қўли ва савдо йўли билан қиладиган касб экани айтилади. Ҳадиси шарифлар деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, ҳунармандлик, саноат ва уларни харидорга етказиш, яъни савдони ўз ичига олади. Бугунги кундаги турли хил хизматлар ҳам мана шу савдонинг ичига киради, чунки хизматлар ҳам пировард натижада сотилади. Рофеъ ибн Хадиж разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан энг яхши касб қайси, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом:

عَمَلُ الرَّجُلِ بِيَدِهِ وَكُلُّ بَيْعٍ مَبْرُورٍ

яъни: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан касб қилиши ва ҳар бир яхши савдо”, – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

 “Довуд алайҳиссалом қўллари ила меҳнат қилиб, ўз касблари орқали тирикчилик қилардилар” дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Яна:

“Закариё алайҳиссалом дурадгор эдилар», дeб айтганлар. Имом Муслим ривояти.

Шунингдек Миқдод ибн Маъди Карибадан ривоят қилинган ҳадисда ҳам шундай дейилади:

“Бирор киши қўли билан меҳнат қилиб, касби орқали еган таомидан яхшироқ таом ея олмайди. Чунки Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам ўз касблари орқали тирикчилик қилардилар”. Имом Бухорий ривояти.

Касб қилишдан мурод ризқ талаб қилишликдур. Ризқ топишга ҳаракат қилган одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ даромад топишни хоҳлайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِن فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيراً لَّعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз”.

Ризқ талаб қилиш йўлида турли ҳолатларга дучор келинади. Баъзан кўпроқ даромад илинжида ҳаром йўлларни танлашга, бировларнинг ҳақига тажовуз қилишга тўғри келиб қолиши мумкин. Ҳолбуки муқаддас динимиз таълимотларида шаръан ҳаром бўлган эгри йўллар билан дунё орттириш ман этилади.

Ҳаром пул топиш йўлига кирганлар қанчадур муддат мақсадига етиши мумкин, бироқ ундай инсонларга ҳаловат бегона бўлиб қолади. Охиратда қаттиқ азобларга дучор бўлади. Ҳалол меҳнат соҳиблари эса, топганидан барака кўради. Хотиржамликда ҳаёт кечиради.

Ҳомид ал Лифофий айтади:

“Биз тўрт нарсани тўрт жойдан изладик. Аммо йўлда хато қилдик ва уларни бошқа тўрт жойдан топдик:

  • бойликни мол-дунёдан изладик, қаноатдан топдик;
  • роҳатни мўл-кўлчиликдан изладик, озгина молдан топдик;بسب
  • лаззатни неъматдан изладик, соғлом тандан топдик;
  • ризқни ердан изладик, осмондан топдик”.

Бахтиёржон Сайдалиев

Улуғнор туман бош имом хатиби