Аллоҳ таоло юртимизда бўлиб турган Қурбон ҳайит байрамини барчамизга қутлуғ-муборак қилсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида у ердаги халқлар йилнинг бошқа икки кунида жоҳилона тартибда байрам қилишар эди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Роббингиз сизларга бу икки байрам кунингизни ундан яхшироқ бўлган Фитр ва Қурбон кунларига алмаштириб берди”, дедилар.

Ҳайит намозидан сўнг ота-она ва фарзандларга совға-салом улашиш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадялар бериб, қалбларига сурур бағишлаш энг гўзал амаллардандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси чатоқ ҳайвон”  деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизга айтдилар “Эй Оиша, қурбонлигингиз олдига боринг, унга гувоҳ бўлинг, чунки албатта ерга тушаётган қонининг аввалги томчиси баробарига Аллоҳ таоло сизнинг аввалги гуноҳларингизни кечиради”. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо “Ё Росулаллоҳ! хоссатан бизгами ёки барча мўминлар учунми”, деб сўраганларида. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “балки бизлар ва барча мўминлар учун умумийдир”, деб марҳамат қилганлар.

Али розияллоҳу анҳу айтдилар “Кимики уйидан қурбонликка ҳайвон сотиб олиш учун чиқса, унинг ҳар бир қадами баробарига ўнтадан хасанот-савоб ёзилади, ўнтадан гуноҳи ўчирилади, ўнтадан дарожоти кўтарилади, сотиб олишдаги гаплари тасбеҳ бўлади, берган пулининг ҳар бир дирҳамига 700 та хасанот берилади ва вақтики сўйиб қонини оқизса, қонининг биринчи томчисидан Аллоҳ таоло ўнта фаришта яратади, фаришталар қиёмат кунигача уни ҳақига истиғфор айтишади, вақтики гўштини тақсим қилса, ҳар бир луқма баробарига Исмоил алайҳи салом авлодларидан бўлган бир қулни озод қилганни савоби бўлади”.

Улуғларимиз қурбонлик қилишда савоб кўплиги ва фазилати зиёдалигидан вожиб бўлмаса ҳам, бир қўйни сўйишга қодир бўлса, қурбонлик қилса яхши бўлади, деб таълим берадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни қаттиқ огоҳлантириб, “Огоҳ бўлинглар қурбонлик қилиш нажот бергувчи амаллардандир, дунё ва охират ёмонликларидан нажот беради. Мени умматимни яхшироқлари қурбонлик қилганларидир. (Қодир бўла туриб) Қурбонлик қилмаганлари умматимни ёмонроқларидир”, деганлар.

Шунинг учун бой кишилар албатта қурбонлик қилишлари керак. Бошқа бир ҳадисларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бой бўла туруб қурбонлик қилмаса, у биздан эмас” деганлар. Ҳа албатта, қурбонликни биз билган ва билмаган фазилатлари кўп экан, шу билан бирга қурбонлик қиёмат кунида эгасини жаннатга олиб борадиган маркаб экан, шунинг учун қурбонликка сўйиладиган ҳайвон чиройли, катта ва барча аъзолари соғлом бўлса яхши бўлади. Аллоҳ таоло Қурбон ҳайит байрамини барчамизга қутлуғ-муборак қилсин, юртимизда доимо тинчлик-хотиржамлик, мустақиллик неъматини бардавом ва барқарор айласин.

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл туман “Далварзин”

жоме масжиди имом хатиби