ҲАР НАРСА ОДОБ БИЛАН

59

Хозирги кунда кенг оммолашиб бораётган, айниқса ёшларимизни ўзига кўпроқ жалб қилаётган интернет ҳақида, унинг одоблари ҳақида билиб олсак, балки кимларнидир қайсидир ёмонликдан сақлаб қоламиз. Интернет ўзи қисқартирилган жумла бўлиб, бизнинг тилимизда “Халқаро маълумотлар тўри” деган маънони англатади.
Замонамиз олимлари интернетдан фойдаланиш одобларини қуйидагича баён қилишган:
1. Интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятини яхши қилмоғи;
2. Интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрни ўлчовли ва қадрли эканини, унинг хар лаҳзаси ҳисобли эканини, қиёмат кунида ҳисоб – китоб қилинишини эслаб олиш;
3. Бемаъни ва бузғунчи ғоялар тарғиб қиладиган, вахшийликни ўргатадиган сайтларга кирмаслик;
4. Интернетда берилган ҳар бир маълумотни тўғри деб қабул қилиб ишониб кетавермаслик.
Қонунда белгилаб қўйилганидек экстремистик гуруҳлар сайтига ёки террористик ташкилотларнинг сайтларига киришлик, катта миқдордаги жарима ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Қонунни билмаслик жазодан озод қилмайди.
Ҳар нарсанинг икки томони бўлганидек, интернетнинг ҳам яхши ва ёмон томони бор. Биз буни яхши томонидан фойдаланайлик. Дунё янгиликларидан хабардор бўлайлик ёки ўзимизга керакли маълумотларни аввалгидек китоб излаб, китобни топганда ўша маълумотни у китобдан яна излаб кетадиган қимматли вақтимизни тежаб интернетдан олиб тезроқ ва кўпроқ билимга эга бўлайлик.
Эътибор берилса, интернетда ким беҳаё нарсаларни кўпроқ кўрса ўзи ҳам беҳаё бўлиб боради, ёки ким ёвузликларни кўрса ўзи ҳам ёвузлашиб боради. Ёшларни алданиб қолишлари ҳам шу интернет орқали ўзи кўрмаган, танимаган одам билан танишиб, унга кўр – кўрона ишониб, чет элга чиқиб алданганини кеч билган қизлар, йигитлар ҳам оз эмас.
Интернет ўз номига яраша Халқаро тармоқ бўлсин, ёшларимизни алданишига қармоқ бўлиб қолмасин. Ҳар нарсани ўз одоби бўлганидек интернетдан фойдаланишнинг ҳам ўз одоблари бор. Одобини ўрганиб унга риоя қилайлик, чунки ҳар нарса ўз одоби билан чиройлидир.

Булоқбоши тумани бош имом-хатиби Миркомил домла Ботиров