Барча эзгуликлар, хайрли ишларнинг боши ҳалолликдир, десак, янглишмаган бўламиз. Ҳалолликнинг ўзи каби дўстлари кўп: яхшилик, барака, хотиржамлик ва осойишталик.

Ибрат кўзи билан боқсангиз, ҳалол инсоннинг дили, йўли тўғри, даражаси улуғ. «Ҳалол бўлсанг, яшай олмайсан» сўзи эса оғзига кучи етмаган, бўйни меҳнатга ёр бермайдиган кимсаларнинг чала хулосаси эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Тан олиш керак, кўпчиликда ҳалол бўлиш жуда қийин, деган тушунча борлиги учун ҳам яшашнинг бошқа йўлларини қидирадилар. Яна айримлар: «Бошқалар ҳам шундай-ку»-, дея ўзларини овутгандай бўлади.

Имом Fаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Болани тоза Ислом фитратида ўстириш учун илк тадбир уни ҳалол луқма билан таомлантирмоқдир», деган эканлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: «Ҳалол луқма енглар, ҳаромга асло яқинлашманглар, чунки ҳаром луқма қориндан қирқ кунгача чиқмайди». Демак, бир ҳаром луқманинг зарари қирқ кунгача танамиздан кетмас экан, қалбимиз, ахлоқимизга қанча муддат зиён етказади? Бунинг ҳикматига етган, Аллоҳдан қўрқиб, тани-ю кўнгли соф бўлишини ҳамма нарсадан аъло кўрган ота-боболаримиз оғир очарчилик замонларида ҳам ҳаромдан ҳазар қилишган.

Ривоят: Бир куни Абдураҳмон ибн Авф мўминларнинг халифаси ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг зиёратига келди. Салом берди-да, кутиб турди. Халифа ёниб турган шамни ўчириб, кейин бошқасини ёқди. Бу ҳолат меҳмоннинг диққатини тортди, у ҳазрат Умарга:

—  Эй, амирал-мўъминин, олдингизда шам ёниб турарди, уни ўчирдингиз. Яна шунга ўхшаш бошқа шамни ёқдингиз. Бунинг бир ҳикмати бордир? — деди. Амирал-мўъминин ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу табассум билан деди:

— Ўчирганим — давлатнинг шами (молидир). Ёққаним эса — ўзимнинг шахсий шамим, ўз пулимга сотиб олганман. Давлат ишларини қилганимда, давлатнинг шамини ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда, давлат шамини ёқишим ҳалоллик бўлмайди, шунинг учун уни ўчирдим. Ўзимникини ёқдим. Шундай қилмасам, Аллоҳга қандай ҳисоб бераман?

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ўгитлари: Ҳамиша суннатга амал қил, ўтмишдаги улуғ уламоларнинг мазҳаб (йўллар)идан юргинки, ҳар қандай бидъат макруҳдир. Суҳбат қурсанг, фақирлар билан қур, ўз юкингни ўзинг кўтар, ҳалол егинки, ҳалоллик яхшиликларнинг калитидир. Ҳаромдан қочгинки, акс ҳолда Ҳақ таолодан узоқлашасан… Ҳалол егинки, бундан ибодатнинг ҳаловатини топасан…

     Аллоҳдан умидвор банда дуоларининг қабул бўлиш шартлари бор:
1. Луқмаи ҳалол дуолар қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан бири саналади. Ҳалол луқма билан вужуди озиқланган мўмин кишининг қалби ёруғ, юзи нурли бўлади. Ҳаром луқма қалбни қорайтиради, фикрни чалғитади, Аллоҳдан узоқлаштиради, ҳатто Аллоҳни унуттиради. Ҳалол луқма эса инсоннинг ичкарисини гўзаллаштиради, поклайди.

           Бошқа бир ривоятда келишича, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг дуолари ижобат бўлмаётгани хусусидаги саволига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эй Саъд, ҳаромдан сақлан, чунки қоринга бир луқма ҳаром кирса, банданинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди”, дея жавоб берган эканлар.

           Ҳалол луқмада гап кўп. Фарзандларимизни ҳалол қилиб тарбиялашнинг энг асосий қоидаси — бу ҳалол луқма билан улғайтиришдир. Ёш болалар энг аввало, ота-онасининг кўзлари билан дунёни кўради, уларнинг маслаҳатлари, сўзлари билан идрок этади.

Энг аввало, ҳалоллик, озодаликка ўзимизни ўзимиз ўргатишимиз зарур. Мен бировга яхшилик қилсам, алдамасам, у бировни алдамайди, яхшилик қилишга уринади. Ҳалоллик қалбга хотиржамлик олиб киради. Қалб хотиржамлиги эса  ҳаётимизни гўзаллаштиради. Бир нарсани унутмайлик, ҳар бир қилаётган ишимиз, амалимиз ўз баҳосини албатта топади. Зеро, Ҳадиси шарифда: “Кимки мол-дунёсини қаердан ва қай йўл билан топаётгани тўғрисида фикр қилмас экан, Аллоҳ таоло ҳам уни қай йўл билан дўзахга кириб қолганига эътибор қилмайди”, деб баён қилинган.

Аҳмадали домла Худайбердиев,

 Олтинкўл тумани “Кўтармачек”

жомеъ масжиди имом-хатиби.