Бизларга ҳақиқатда ҳаётий, инсоний дин бўлган Исломни Ўзи рози бўлиб ҳидоят қилган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога шукрлар, ҳамдлар бўлсин. Дарҳақиқат, динимизда одам боласининг бир умрлик йўли бошидан охиригача шу қадар чиройлик кўрсатиб берилганки, ҳар қандай соғлом табиатлик, соғлом фикрлик инсон бу кўрсатмаларга амал қилса, ҳеч қандай мушкуллик, танглик ва шармандаликларга рўбарў бўлмайди, балки дунёда ҳам турмуши фаровон, ризқи мўл, обрўси баланд, охиратда ҳам даражаси юқори, юксак мақомларга эга бўлади. Ана шундай кўрсатмаларнинг бири – ҳалол касб эрур.

        عن عائشة قالت قال النبي صلى الله عليه وسلم إن أطيب ما أكل الرجل من كسبه وإن ولده من كسبه .  

Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи ўз қўли билан касб қилганидандур. Инчунун, унинг фарзанди ҳам касбидандир”. (Оиша розияллоҳу анҳодан Абу Довуд, Насаий, ибн Можа ривоятлари)

Шунингдек деҳқончиликка, чорвачиликка ва бошқа касб-ҳунарларга оид кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинганки, булар ҳаммаси инсонни тараққиётга чорлайди.

وقال صلى الله عليه وسلم لأم هانئ: «اتَّخِذِي غَنَمًا فَإِنَّ فِيهَا بَرَكَةً»

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога:

“Қўй боқ, чунки унда барака бор” деганлар. (Ибн Можа ривояти)

Танбаллик, дангсалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтиргувчи иллатларга йўл қўйилмайди.

            Динимизда доимо ҳалол касбга тарғиб қилиб келинган. Ҳатто охират амаллари учун ҳам бира тўла дунёвий ишлардан тўла ажраб чиқиб, на ўзига, на қарамоғидаги оиласига қарамай бутунлай ибодатга ажралиб чиқишга рухсат берилмайди. Балки ҳалол касбнинг ўзи ҳам ибодат даражасидаги амаллардан саналади.  Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъю ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.

            وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم دينار أنفقته في سبيل الله ودينار أنفقته في رقبة ودينار تصدقت به على مسكين ودينار أنفقته على أهلك أعظمها أجرا الذي أنفقته على أهلك . رواه مسلم .  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Бир динор Аллоҳ йўлида нафақа қилдинг, бир динор қул озод қилишга сарфладинг, бир динор мискинга садақа қилдинг, бир динор аҳлингга нафақа қилдинг. Буларнинг ичида ажри улуғроғи аҳлингга нафақа қилганингдур”. (Муслим ривояти)

            Бошқа бир ҳадис шарифда эса: “Киши ўз қарамоғидагини ташлаб қўйиши гуноҳкор бўлишига кифоя қилади” – деганлар. (Абдуллоҳ ибн Амрдан Абу Довуд ривояти)

        وعن عمر أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال من دخل السوق فقال لا إله إلا الله وحده لا شريك له له الملك وله الحمد يحيي ويميت وهو حي لا يموت بيده الخير وهو على كل شيء قدير كتب الله له ألف ألف حسنة ومحا عنه ألف ألف سيئة ورفع له ألف ألف درجة وبنى له بيتا في الجنة . رواه الترمذي وابن ماجه وقال الترمذي هذا حديث غريب.  

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

“Кимки бозорга кириб, “Ла илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, йуҳйи ва юмиту ва ҳува ҳайюл ла ямуту биядиҳил хойру ва ҳува ала кулли шайъин қодир” деса Аллоҳ унга минг-минг ҳасанот ёзади, ва минг-минг саййиотини ўчиради, ва уни минг-минг даражага кўтаради”. (Термизий ривояти, ибн Можа ҳам шунга ўхшаш ривоят қилган)

Демак оқил инсон Худо ризқимни берар деб осмонга қараб ётмасдан ҳаракат қилиб, ҳам ўзига, ҳам оиласига, ҳам жамиятга фойда келтириши зарур экан. Шунингдек, ризқни бергувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа ҳам қилмайди.

Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилишлик бўлади. Биз ниятимизни тўғри қилиб, Тангри таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига яраша шукрона қилсак, иншо-Аллоҳ, турмушимиз янада фаровон бўлгай.

Улуғбек қори Йўлдошев,
Асака тумани «Холид ибн Валид»
жоме масжиди ходими