Шариатимизда алоҳида эътибор қаратиладиган масалалардан бири, шубҳасиз, ҳалол ризқ топишдир. Ҳалол ризқ қалбни, наслни пок сақлайди.

Ер юзида ўрмалаган нарса – одамзод, ҳайвонот, ҳашорот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлар борки, буларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради.

Ўзининг каломи Қуръони каримда Аллоҳ таоло  шундай марҳамат қилади:

“Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳларини ҳам, сақланиб турадиган жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ ойдин китобда бордур” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Шайх ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг “Ҳикамул-Атоийя” рисоласида:

“Сенга кафолати берилган нарсада ижтиҳод қилмоғинг ва сендан талаб қилинган нарсада камчиликка йўл қўймоғинг сендаги қалб кўзининг беркилганидир. Сенга кафолати берилган нарсаларнинг бири ризқдир”  дейилади.

Имом Зоҳидий ризқ ҳақида аниқ ишонч ҳосил қилиш ниятида тоққа чиқиб кетди. Бир ғор ичига кириб ўтириб олди-да, ўзига-ўзи: «Шу ерда Парвардигорим! Менга ризқни қандай етказишини кутиб ўтираман», деди. Шу куни қаттиқ бўрон бўлиб, ёмғир ёғди. Кечга яқин бир карвон бошпана қидириб, у ўтирган ғорга  киришди.

Имом Зоҳидийнинг ўзи бундай ҳикоя қилади:

Улар мени кўриб қолиб: – Эй Аллоҳнинг бандаси, – дея чақиришди. Мен уларга жавоб қилмадим. Шунда карвондагилар, «Бу одам хойнаҳой совқотган бўлса керак, шунинг учун гапира олмаяпти»,  деб ўйлашди ва гулҳан ёқишди. Менга яна гапиришди. Барибир жавоб бермадим. Яна карвондагилар «Бу бечора қаттиқ оч қолган бўлса керак» деб ўйлаб, олдимга дастурхон ёзишди ва таомга таклиф этишди. Мен миқ ҳам этмадим, таомга қўл ҳам узатмадим. Улар «Бу одам узоқ вақт овқат емаган бўлса керак» деб ўйлаб, сут қайнатиб узатишди, шунда ҳам индамай ўтиравердим. Улар бундан ажабланиб, «Балки тишлари бир-бирига киришиб кетгандир» деб ўйлашди ва икки нафари оғзимни очиш учун пичоғини чиқарди. Бир амаллаб оғзимни мажбурлаб очиб, ҳалиги таомдан солишди. Шунда мен кулиб юбордим. Карвондагилар хайрон бўлиб:

– Мабодо жинни эмасмисан? – дейишди. Мен:

– Йўқ, Парвардигоримнинг ризқ беришига қатъийроқ ишонч қилай, деб бу ерга келган эдим. Аниқ билдимки, Аллоҳ менга ҳам, бошқаларга ҳам, қаерда ва қай ҳолатда бўлишларидан қатъий назар, ризқини Ўзи етказар экан,   дедим. Карвон аҳли бунга кўп таажжубда қолди.

Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризққа муҳтож бўлганида уни тановвул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ўзига ризқ ҳам жамғармайди ҳам, керак бўлганида, уни тановвул қилади, холос.

Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Баъзилар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Ҳаттоки улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар. Зеро, Қуръони каримнинг Анкабут сураси 60-оятида бундай дейилган: “Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Албатта ризқ, бандани худди ажали қидирганидек қидиради” (Ибн Ҳиббон, Баззор ва имом Табароний  ривояти).

Мўмин киши ризқ Аллоҳ таолодан эканига иймон келтирганидан кейин очкўз бўлмайди ва ҳаромга қўл урмайди. У ҳалол, пок йўл билан ризқини териб ейишни йўлга қўйиб, қаноат ва сабр ила саодатли турмуш кечиради.

Аллоҳ таоло барчамизни кафолати берилган нарсада ижтиҳод қилишдан ва биздан талаб қилинган нарсада камчиликка йўл йўл қўйиш ила кўзимиз беркилиб қолишидан Ўзи асрасин!

 

Отабек домла Ҳусанов,

Олтинкўл тумани «Жалабек ота»

жоме масжиди имом-хатиби