ЗАКОТ ҲАҚИДА

1373

Закот бу бойларнинг зиммасига юкланган фақирларнинг ҳақларидир. Бу ҳақни Ислом шариати белгилаган. Уни бермасликка, бош тортишга мусулмонман деган одамнинг асло ҳаққи йўқ. Зеро закот Исломнинг беш рукнидан биридир.
Закот молини фақат Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлар ўз диндошлари бўлмиш мусулмонларнинг фақирларига беради. Ғайри динларга закотдан бошқа ҳар қандай садақа бериш мумкин, лекин закот берилмайди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “мусулмонларнинг бойларидан олиб, фақирларига беришни” тайинлаганлар.
Закотни маблағи ва бошқа моллари нисоб миқдорига етган бойларга ҳам берилмайди. Бойларнинг балоғат ёшига етмаган болаларига ҳам берилмайди. Чунки улар отасига табъан бой ҳисобланади.
Шариат тилида “бой”ларнинг учта мартабаси бор:
1- Тиланчилик қилиши ҳаром ва лекин закот олишга ҳақли бой. Бу кундалик эҳтиёжини қондиришга етарли маблағи бору аммо нисоб миқдорича бўлмаган одамлар.
2- Тиланчилик қилиш ҳам, закот олиш ҳам ҳаром, аммо фитр садақсини бериш ва қурбонлик сўйиш вожиб бўлган бой. Бу закот молидан ташқари, ҳожати аслиясидан ортиқча, қиймати нисоб миқдорига етарли даражада нарсаларга эга одам. Масалан иккита уйи бор. Бирида яшайди, иккинчисига эса эҳтиёжи йўқ ва унинг қиймати нисоб миқдорига етади. Уни сотиш ниятида ҳам олмаган. Бу одам закот бермайди аммо фитр садақаси беради, қурбонлик ҳам қилади.
3- Тиланчилик қилиш ҳаром, закот олиш ҳам ҳаром, фитр садақасини бериш, қурбонлик қилиш ва закот бериш вожиб бўлган бой. Бу ўсувчи нисобга эгадор бўлган одам.
Ва яна, бойлар закотни орада ота-болалик ва она-болалик риштаси бор яқинларига бера олмайди. Масалан ўз отасига ё ўғлига, шунингдек, онасига ва қизига, бобоси, буваси, набиралаи ҳам шу ҳукмда бир хил.
Закот орада никоҳ риштаси бор яқинига ҳам берилмайди. Масалан бой эркак ўзининг фақир хотинига, бой аёл эса фақир эрига закот бера олмайди.
Закот молини ҳошимийларга ҳам берилмайди. Ҳошимийлар бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавми – қариндошларидир.
Улар қуйидаги беш уруғ: Али розияллоҳу анҳунинг оиласи; Аббос розияллоҳу анҳунинг оиласи; Жаъфар розияллоҳу анҳунинг оиласи; Ақийл розияллоҳу анҳунинг оиласи; Ҳорис ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг оиласи. Чунки буларнинг насаби бориб Ҳошим ибн Абдуманофга тақалади. Шунинг учун “ҳошимийлар” дейилади. Ҳошимийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам туфайли олийнасаб ҳисоблангани учунга одамларнинг закот садақаси уларга ҳаром ҳисобланади.
Шайҳ Муҳаммад Соғиржийнинг “ал-Фиқҳ ал-Ҳанафий ва адиллатуҳ” номли асари асосида
Авазбек домла МЎМИНОВ,
Андижон шаҳри “Чинор” жоме масжид имом-хатиби