ЗАКОТ ҲАҚИДА (ким ҳақли?)

1080

Закотни фосиқ ва золимларга ҳам берса бўлади. Баъзилар закот беришда тақводор, намозхонларни танлаб беради. Аслида эса шариат фақир даражасидаги ҳар бир мусулмонни у фосиқ бўлсин ё солиҳ, барибир закотга ҳақдор деб белгилаган. Биз ана шу мезондан чиқишимиз мумкин эмас.
Башир ибн Хасосиядан ривоят қилинди, у деди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадик: Эй Аллоҳнинг Расули, баъзи закот олувчи одамлар бизга зулм қилишади, уларнинг қилиғига яраша закотимиздан яширсак бўладими? Расулуллоҳ жаноблари: “йўқ”—дедилар. Бир ривоятда “Ароқ ичса ҳам бераверинглар”—деган. Абу Довуд ривояти.
Закот молини масжид қуришга, ўликни кафанлашга, ўликнинг қарзини узишга, қудуқ қазиш каби ишларга сарф қилинмайди. Чунки закот муайян бир фақирга мулк қилиб берилиши шарт. Бу ҳолатларда эса ана шу тамлик шарти топилмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ислом жамиятининг закотга ҳақли синфини белгилаб берган:
إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاء وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللّهِ وَابْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِّنَ اللّهِ وَاللّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлидагиларга ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Тавба сураси / 60. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол).
Бу оятда саккиз синф бир-бирма баён қилинган. Уларнинг ҳаммасига закот бериш мумкин. Илло, тўртинчи мартабада зикр қилинган кўнгилларини Исломга мойил қилиш мақсадида ҳақдорлар сафига қўшилган синф – “ал-муаллафату қулубуҳум” тоифаси халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврига келиб бекор қилинган. Бу синф уч хил тоифа эди. Кофирлар. Исломга жалб қилиш мақсадида закот маблағлари билан уларни рағбатлантирилар эди. Кофирларки, ислом ва мусулмонларга зарари тегиш эҳтимоли катта. Уларнинг зарарини даф қилиш мақсадида закот молидан бериб турилар эди. Иймони заиф нуфузи ўткир мусулмонлар. Уларни исломда ушлаб туриш учун закот молидан бериб турилар эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврида Ислом ва мусулмонлар оёққа туриб олгач, “ал-муаллафату қулубуҳум”га эҳтиёж қолмади ва улар ижмоъ йўли билан закотдан маҳрум этилишди.
Закот беришда бойлар аввал ўз ақраболаридан бошлаши афзал ва савоби кўп бўлади. Яъни, ака-ука ва опа сингиллари. Агар уларнинг ичида закотга ҳақли фақир бўлмаса, уларнинг болалари ичидаги фақирларга берилади. Уларда ҳам муҳтожлар бўлмаса, амаки ва аммаларидан муҳтожларга берилади. Сўнгра уларнинг болаларига, сўнгра хола ва тоғаларига, улардан кейин уларнинг болаларига. Агар қариндошлари ичида ҳаммаси бой бўлса, қўшниларга навбат келади. Қўшнилардан кейин маҳалладошларга, улардан кейин ҳамшаҳарлар, улардан ҳам фақир топилмаса қўшни шаҳарга чиқарилади.
Зеро яхшиликка энг биринчи кишининг ўз яқинлари ҳақдор бўлади, қачонки улардан ортса кейин бошқаларга берилади.
Шайҳ Муҳаммад Соғиржийнинг “ал-Фиқҳ ал-Ҳанафий ва адиллатуҳ” номли асари асосида
Авазбек МЎМИНОВ
Андижон шаҳри “Чинор” жоме масжид имом-хатиби