Халқ орасида тавозуълик одамга камтар инсон экан, деб баҳо беришади.
Тавозуъ сўзи аслида пастлашдан олинган. Ўзини паст олиш, ўзини бошқалардан юқори тутмаслик – тавозуъ бўлади экан. Банданинг Аллоҳ таолога нисбатан тавозуъ қилиши унинг у Зотдан қўрқиши, бўйсуниши ила бўлади. Бандалар орасидаги тавозуъ эса, бир-бирининг ҳақ гапини сўзсиз қабул қилиш, таклифларига кўниш билан бўлади. Демак, тавозуъ халқ орасида камтарлик, деб аталади ва у гўзал инсоний фазилатлардан бири бўлиб, динимиз таълимоти ҳам биз мўмин-мусулмонларни шу сифатга эга бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деганлар: “Аллоҳ таоло менга: бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бошқа бировга зулм қилмасин, деб ваҳий қилди”. (Имом Муслим ривояти)
Камтарлик ва ҳокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида балки, Аллоҳнинг даргоҳида ҳам мақтовга лойиқдир. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиш билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадру қийматларини ҳам ўз ўрнига қўядилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди”, – деганлар. (Имом Муслим ривояти)
Камтарликнинг зидди манманлик бўлиб, унга ёмон иллат сифатида қаралиб, Ислом дини нуқтаи назаридан инсонни кибру ҳавога берилиши таъқиқланган. Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантириб: “Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмайсан!” – деган. ( Исро сураси, 37-оят).
Демак, банда ўз ҳаддини билмоғи лозим. Акс ҳолда у ўз бошига Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азоби келишига сабабчи бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда шундай дейилган: “Кибриё ридоимдир, азимлик изоримдир. Ким уларнинг иккисидан бирида Мен ила низо қилса, уни дўзахга ташлайман”. Кибру ҳаво ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “ Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида иймони бор одам дўзахга кирмайди. Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида кибри бор одам жаннатга кирмайди”. Манманлик қилиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунё, обрў-эътиборга алданиб кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрти олдида ҳурматини йўқотади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни кибру ҳаводан йироқ қилиб, камтарлик фазилати билан зийнатланганлардан бўлишга муваффақ айласин.
Искандарбек домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом хатиби.