Ёшларнинг таълим тарбияси хаётий долзарб вазифа

437

Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир Ислом дини ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор беради. Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилангизни дўзахдан сақлангизки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир. У (дўзах)нинг устида қаттиқдил ва қаттиққўл, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур” (Таҳрим, 6). Ушбу оятда мўмин киши ўзи ва оила аъзоларини Аллоҳга итоа этиш, У Зот қайтарган ишлардан тийилишга чақириш орқали жаҳаннам азобидан қутқариши лозимлиги таъкидланмоқда.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “ўзларингизни ва аҳли-оилангизни дўзахдан сақланглар!” оятини тиловат қилдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, биз оиламизни дўзахдан қандай қилиб сақлаймиз?” дейилди. Шунда у зот: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”, дедилар” (Ибн Мардавайҳ ривояти). Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу оятни: “Оила аъзоларингизга яхшиликни таълим беринг, уларга одобни ўргатинг!” деб тафсир қилган (Ҳоким, Байҳақий ва Ибн Жарир ривояти).
Муборак ҳадиси шарифларда тарбия ахлоқни шакллантирувчи муҳим шарти сифатида белгиланган. Жумладан, Жобир мбн Самурадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирингизнинг боласига одоб бермоғи, ҳар куни ярим соъ миқдорида садақа қилиб тургандан афзалдир”, дедилар”[1]. (Термизий ривояти) Бундан равшан бўладики, фарзандга гўзал хулқ ва таълим-тарбия бериш мол-дунё сарфлаб, садақа қилишдан савобли ҳамдир.
Яна бир ҳадисда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”[2], дея келтирилади. Бундан кўриниб турибтики, ҳар бир оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоғлиги керак. Чунки, ер юзида жамики инсоният ҳар неки ишни амалга оширмасин, унинг амалга ошираётган ишлари тарбия маҳсули ҳисобланади.
Эндиликда ёшлар тарбияси давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбияси бутун миллат олдидаги улкан масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлаб: “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”[3], дея такидлайдилар.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида “Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Демак, доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан топа олмаса, бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излай бошлайди”4 дея таъкидлайди
Фарзанд тарбияси ниҳоятда муҳим ва нозик жараён бўлиб, унда эътибор берилиши лозим бўлган баъзи жиҳатларни ислом таълимоти асосида тақдим қиламиз:
1. Фарзандингиз сизга тақлид қилишини ёдингизда тутинг, яхши йўлбошчи бўлсангиз, у ҳам шундай бўлади.
2. Фойдали жисмоний машғулотларга жўнатинг.
3. Фарзандингизга ростгўйлик, омонатдорлик, покизалик, шижоатлилик, саҳийлик, кечиримлилик, меҳрибонлик, яхшиликни ёйиш, бошқаларга ёрдамлашиш, адолат ва саҳоват каби гўзал хулқларни севдиринг.
4. Фарзандингизни ёлғон, ўғирлик , хиёнат, зулм, душманлик, хасад, ғийбат, чақимчилик, фрибгарлик каби ёмон одатлардан четлатинг.
5. Ёшликдан покизаликка одатлантиринг. Намозга қандоқ таҳорат қилишни ўргатинг. Кийимлари ва баданини покиза тутишга, тирноқларини олиб юришга, овқатланишдан олдин ва кейин қўлларини ювишга шижоатлантиринг.
6. Фарзандларингизнинг авратларини ёшликдан ёпишга қизиқтиринг, токи балоғатга етгунларича одат бўлиб қолсин. Калта, тор ва юпқа либослар кийишларига йўл қўйманг. Ўғил бола ва қиз боланинг ўзига хос кийими бўлишини тушунтиринг.

7. Ахлоқсизларнинг либосларидан, оммавий маданият гирдобига тушиб қолишдан, уларни ҳаётларидаги барча ёмон одатлардан четда сақланг.
8. Ёмон турмуш тарзига олиб борадиган барча йўлларни тўсинг. Инсонга зарарли, исломий шариат ман қилган барча ўйинлардан четда сақланг. Бу ўйинларни нимага ман қилинганини тушунтиринг. Хусусан, инсон фикрини бузадиган, саломатлигига таъсир қиладиган, хотиржамлигини йўқотадиган замонавий компьютер ўйинларидан ҳимояланг.
9. Фарзандингизни тушуниш қобилияти улғайишига эътибор қаратинг. Бунинг учун фойдали китоблар, манфаатли компьютер дастурлари, исломий гўзал тушунчалар билан йўғрилган ибратли ҳикоялардан фойдаланишдан чарчаманг.
10. Фарзандингизни меҳмонни икром қилишга, эҳтиромини жойига қўйишга, қўшниларга яхшилик қилишга ва уларга азият бермасликка одатлантиринг. Ота-онанинг ҳақларини, мусулмоннинг биродари олдидаги ҳақларини, қариндошлар, дўстлар ва устозларнинг ҳақларини ўргатинг.
Бугун Ўзбекистон ёшлари билим заковатлари, интилишлари, меҳнат шижоатлари билан бутун дунёни ҳайратга сола бошладилар. Бунинг замирида давлатимиз раҳнамолигида ёшларга оила, таълим муассасалари, маҳалла ва кегн жамоатчилик томонидан бериладиган таълим-тарбия ётади. “Нимани эксанг шуни ўрасан” дейди доно халимиз. Шундай экан бугунги кунда ёшларимизга яратилаётган имкониятлар, эртанги кунимиз порлоқ келажаги учун қўйилаётган тамал тошидир. Ёшлар тарбиясига эътибор, ўзимизнинг келажагимизга бўлган эътибор эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай харакат қилмоғимиз лозим.

Мухамадали домла Ўсканов
Бўстон туман “Абдулазизхон” масжиди имом-хатиби