Аллоҳ ҳар нарсага қодир зотки, инсонларни ҳар хил табиатда яратди. Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлардан бири – бу мулойимликдир. Ғазабнок – қўпол инсонларни Аллоҳ ёқтирмайди. Мулойим – юмшоқ табиатли одам, билинки у ҳаёли инсондир.

Ҳаё инсонни имон-эътиқоди, одоб-ахлоқининг даражасига қараб, кўп ёки кам бўлади.

Бир одам бемаъни ишлардан ўзини тортаётганини ёки бўлмаса бирор нолойиқ ишни қилиб қўйиб, ҳижолатдан юзи қизарганини кўрсангиз, билинки, у – ҳаёли инсондир. Буни акси бўлсачи? Яъни қилаётган ишларига бепарво бўлса, яхши-ёмонлигига эътибор бермай қилаверса, тили билан беҳаё, бемаъни сўзларни гапириб бировлар билан урушса, халқимиз ундай инсондан яхшилик чиқмайди, унинг ҳаёси йўқ деб баҳо беришади.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам сизу биз умматларининг қалбида барча яхши фазилатларни ўз ичига олган ҳаё сифатини барқ уришини хоҳладилар. Аввало, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам  ўзлари бу хулқ билан энг мукаммал даражада сифатланган эдилар. Бунга барча саҳобалар гувоҳлик берганлар.

Жумладан, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу  Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам  ҳаё бобида чимилдиқдаги келиндан ҳам ўтар эдилар. Қачон ўзлари ёқтирмайдиган бирор нарсани кўрсалар, дархол юзларидан (норозилик аломатларини) билиб олар эдик» – дедилар.

Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги мақбул дин, Ислом дини мусулмонларни ҳаёли бўлишга буюради ва ҳамда мана шу улуғ хулқни Исломнинг ўзига хос аломати сифатида белгилаб қўйди.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, ҳар бир диннинг (ўзига хос) хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир» – дедилар.

Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки ҳозирги даврда ёш авлодларга яхши этибор ватанимизда жиддий тус олмоқда.  

Оилалар мустаҳкамлансагина фарзандлар одобли, ҳаёли, эл-юртига фойдаси тегадиган бўлиб улғаядилар.

Шукрки, Ўзбекистон ҳалқининг фуқаролари бутун дунё халқи орасида мехмондўстлиги, одоб-ахлоқи, ўзбекона миллий маданияти билан танилган. Демак, бу ҳам бир маънавий неъмат, яъни ҳар биримизга берилган омонатдир. Бу омонат тариқасида берилган барча маънавий неъматларни ўз эгаларига – фарзанд ва меросхўр ёшларимизга чиройли ҳолатда топширмоқ ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз ва вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Илоҳим, юртимиз ободлигига, элимизнинг маънавий бойлиги-ю, тинч ва фаровон ҳаётига кўз тегмасин!  ОМИН.

Искандарбек домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме  масжиди  имом хатиби.