Тасаввуф нима? (давоми)

1200

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Тасаввуф нима?

1-Қисм. (Муқаддиманинг давоми: Ислом дини, ақидаси ва йўналишлари)

“Ислом” сўзи луғатда “бўйсиниш” маъносини ифодалайди. Шунингдек, “Ислом” сўзини “Тоат”, “Ихлос” “Тинчлик”  каби маънолари ҳам мавжуд. Қуръони каримда баён этилганидек, Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга мақбул кўрган  ҳақ дини “Ислом” номи билан аталади ва у сўзсиз келажак дини ҳамдир. Шунинг учун “Дин” деганда фақат ва фақат “Ислом” тушунилади. Муҳаққиқ уламолар айтганларидек, “Мўъмин” ва “Муслим” бири-бирига яқин бўлган ва бири иккинчисини ифода этгани каби, “Дин”, “Ислом”, “Шариат” атамалари ҳам бир-бирига жуда яқин ва бир-иккинчисини тўлдиради.  Ислом бу-ягона Аллоҳ таъолога иймон келтиришлик, тавҳид ақидасидир. Қуръони карим таълимотига, Аҳли Сунна вал Жамоа ақидасига кўра тавҳид эътиқоди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бошланган эмас, бошқача айтиладиган бўлса даслабки ва охирги динларнинг барчасида эътиқод бир хил яъни тавҳид ва барча пайғамбар алайҳиссаломлар шу тавҳид яъни якка худоликга даъват этишган. Фақат турли сабабларга кўра амалиёт масалаларида, яьни шариат арконларида баъзи бир фарқлар мавжуд ҳисобланади. Ислом динининг тамали асоси 3та нарсага яъни эътиқод, амал, аҳлоққа таянади. Ҳозирда ер юзида 1,5 млрд дан ортиқ киши ислом динига эътиқод қилади. Дунёда 250 мамлакатдан ярмидан кўпроғида, аниқроқ қилиб айтилганда, баъзи манбаларда 150 га яқин мамлакатдаги мусулмонларни 35 тасида мусулмонлар ўз мамлакатлари аҳолисини кўпчилигини ташкил этади. Ҳозирда ер юзи мусулмонларининг аксари Аҳли сунна вал Жамоа ва Шиъа эътиқодига бўлинади. Сўнгги маълумотларга кўра 90% суннийлар, 10% шиъаларни ташкил этади. Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқоди эса Мотуридия ва Ашъария таълимотларига бўлинади. Фиқҳий йўналишда ҳам суннийлар 4 мазҳабга, ўз ўрнида шиъалар ҳам бир неча мазҳабларга бўлиниб кетган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хадиси шарифларни бирида “Даврларнинг энг яхшиси мени даврим, (кейин шу яхши даврга ёпишган, яъни ундан кейинги давр), ундан кейин эса шу мени давримга ёпишган давр (яъни ундан ҳам кейинги давр,) кейингиси кейинги ўриндаги яхши даврдир”, деб марҳамат этган эдилар. Ушбу хадиси шарифда келган маъно тақозосига кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврлари ислом оламида “асри саодат” номи билан аталган. Бу даврдан узоқлашган сари тушунмовчилик ва турлик номаъқулчиликлар, ички ихтилофлар бўлиб ўтди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан узоқлашиб борилаверди. Шунинг учун ҳам, минг афсуслар бўлсинки, кейинги даврлар кела бошлагач покиза Ислом таълимотларида ҳам турли қарашлар ва ҳатто Ислом номидан иш олиб борувчи турли ақидапараст оқимлар кўпайиб борди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Яхудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага, менинг умматим эса 73фирқага бўлингай: Улардан биттасигина нажот топиб омон қолур, қолганлари эса дўзаҳ аҳлидирлар.” деб ўз ҳадиси шарифларида бу ҳақда огоҳлантирган эдилар.(“Ислом ва ақийдапараст оқимлар” китоби.41-бет.)

1991-йил 1-сентябрда Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилгач собиқ шўролар мафкурасидан батамом воз кечилди. Ижтимоий соҳанинг барча жабҳаларида янгиланиш ва ислохотлар олиб борилди. Ҳусусан миллий ва диний қадриятлар тикланди. Динга бўлган давлат муносабати тубдан ўзгарди, ҳусусан Ислом дини ва унинг таълимоти эътироф этилди. Айтиш мумкинки, бу ҳалқимиз узоқ йиллардан буён кутиб келган орзу-тилакларидан бири эди. Мустақилликдан кейинги 20 йил ичида диннинг ҳуқуқий демакратик давлат, фуқаролик жамиятида тутадиган ўрни аниқ белгилаб борилди. Эътиқод эркинлиги кафолатланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади” дейилган. Мустақиллик йилларида диний соҳага оид қонун ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ишлаб чиқилди. Қатор буюк Ислом алломаларининг мақбаралари тикланди, муборак зиёратгоҳлар қурилди ва қайта тикланди. Диний таълим муассасалар тизими яъни мадраса, олий Маъҳад, Ислом Университетлари, қанчадан қанча масжидлар фаолият юрита бошлади. Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари байрам деб эълон қилинди. Ислом алломалари ва таълимотларига оид китоблар нашр этилди. Муборак ҳаж ва умра сафарлар давлат томонидан шакллантирилди. Ислом олами алломалариниг деярли барчалари  албатта тасаввуфнинг йирик вакиллари ва ҳатто бир қатор тариқатлар асосчилари ҳисобланган. Шунингдек, юртимизда етишиб чиққан қанчадан – қанча уламою-фузалолар тасаввуфнинг буюк вакиллари ва тариқатнинг етук пири муршидлари бўлганлар.

 

Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

Муҳаммадисҳоқ Мўминов