Ўз жонига қасд қилиш – оғир жиноят

1118

Ҳаёт – Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган қадрли неъматлардан бири. Ҳаёт қай даражада қадрли экани яқин инсонингиз вафот этгандан кейин уни билимингизни ёки бойлигингизни сарфлаб бўлса ҳам қайта тирилтира олмаганингизда билинади. Афсуски ҳамма ҳам бу неъматни қадрига етмаяпти. Умрини беҳуда нарсаларга сарфламоқда ва энг ачинарлиси хатто ўз жонига ҳам қасд қилиб ўзини-ўзи халок қилмоқда. Гўёки ўз жонига қасд қилиш муаммони ечимидек. Аслида эса, ўз ажали билан ёҳуд ўзини ўлдирган инсон ҳам Аллоҳнинг ҳузурига боради ва ҳар бир амалига жавоб беради. Шайтон баъзи бир инсонга фақирлик билан васваса қилса, баъзи бир инсонга бойлик билан васваса қилади. Шайтон Ийсо алайҳиссаломга эса, тақдирга иймон келтириш билан васваса қилади. Шайтон айтади: Эй Ийсо агар сен тақдирга иймон келтирсанг, тоғни чўққисидан ўзингни ташла. Агар тақдирингда тирик қолиш бўлса, тирик қоласан ёки тақдирингга ўлим ёзилган бўлса ўласан. Шунда Ийсо алайҳиссалом: Эй шайтон Аллоҳни лаънати сенга бўлсин, Аллоҳ таоло бандаларини синовдан ўтказади, бандалар эса Аллоҳни синовдан ўтказмайди деб жавоб берадилар. Лекин ҳозирги кунда кимдир моддий томондан қийналиб қолса, ёки оилавий тушунмовчилик сабабидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Ҳадиси Қудсийда ўзини ўлдирган инсон ҳақида Аллоҳ таоло: “Одам фарзанди ўзини ўлдириш билан мени олдимга шошилди, батаҳқиқ унга жаннатимни ҳаром қилдим” деб марҳамат қилади. Бу ҳадисда Аллоҳ таоло агар инсон дунёдаги вақтинчалик машаққатга сабр қила олмаса, у энг олий неъмат – жаннатдан  маҳрум бўлишини ваъда қиляпти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бу дунёда бирор нарса билан ўзини ўлдирса, қиёматда ҳам унга ана шу нарса билан азоб берилади” дедилар. Бошқа ҳадиси шарифда эса, ўзини захарлаб ўлдирган инсон захар билан азобланиши, тоғдан ўзини ташлаб ўлдирган эса дўзаҳга улоқтирилиши ҳақида ривоятлар ворид бўлган.

Бугунги кунда баъзи инсонлар бошига келган қийинчиликларга сабр қила олмасдан ўз жонига қасд қилмоқдалар. Аслида эса динимизда ўлим учун умид қилиш ҳам мумкин эмас. Зеро Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар! Бирортангиз ўлимни орзу қилманг. Агар яхши амал қилувчи инсон бўлса, шояд уни яхшилиги зиёдалашса. Агар ёмон амалли инсон бўлса, шояд ёмонликларидан яхшиликка қайтса” деб марҳамат қилдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда эса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз бошига тушган кулфатни деб ўлимни орзу қилмасин.” дедилар. Демак бугунги кунда фарзанди ёки бирор яқини вафот этгани учун “сени ўрнинга Худо мени жонимни олса бўлмасмиди?” ёҳуд бирор дард ёки қийинчиликни деб “Эй Худо! тезроқ жонимни олгин” деб айтиш умуман мумкин эмас. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатини кўпайиб кетишига сабаб инсонларда иймонни ва илмни заифлашиб кетганидир. Бугунги кун ота-оналари ва тарбиячилари болаларга фақат дунёга муҳаббат кўйиш (бой бўлишни)ни ўргатяптилар. Натижада фарзанд қалби қорайиб, шайтонни васвасига алданиб қоляпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Ўз болангни ўзинг асра” дедилар. Бу ота-она биринчи ўринда фарзандини ҳаёт синовларига дош бера оладиган сабрли, илмли ва тиришқоқ қилиб тарбиялаши кераклигини англатади.

Юқорида айтганимиздек ҳар бир инсон бу дунёда қилган барча амалларини карвонига юклаб Аллоҳнинг ҳузурига боради. Агар амаллари солиҳ бўлса мукофотланади, амаллари ҳунук бўлса жазоланади. Аллоҳ барчамизни бу ҳаётда солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳнинг ҳузурига ёруғ юз билан боришни муяссар қилсин.

Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжиди

имом-хатиби Қобилжонов Муҳаммад Амин