Онангизни эъзозланг!

1436

Тун ярим эди. Она ўз ўғлини соғинган. Унинг расмига термулиб юм-юм йиғлар, гоҳида унинг юзларидан ўпиб қўярди. Соғинч тафтини босиш учун суратни бағрига босарди. Афсуски, соғинч тафти босилмади. Қарийб 3 ойдан бери суюкли онажонисидан хабар олмаган нодон ўғил онанинг бу изтиробларини билмас шу пайт у ўз иши билан овора эди.
Она қўлига телефонини олиб, ўғлининг рақамларини терар экан, “уйғотиб юбормайманмикин” ўйлади. Бир муддат ҳаёлга берилган она беҳосдан қўнғироқ қилиб юборди. Ўзи сезмади. Нариги тарафдан келган овозни эшитган она ўзига келди-да, “Алло, болам деди”. “Алло, ойи!”
Ўғлининг овозини эшитган она энтикиб кетиб, пиқиллаб йиғлаб юборди. “Алло, болам!” сени кўргим келди. Бир келай демайсан, шунга овозингни эшитай деб қўнғироқ қилгандим , деди кўз ёшларини румолининг учига артар экан.
“Лаббай ойи, ярим тунда ухласез бўлмайдими? Мен иш қиляпман, ишимдан чалғитманг. Ҳали ёзишим керак бўлган нарсаларим кўп. Эртага олдингизга кириб ўтаман”.
Она телефонни қўяр экан: “Бундан ўттиз беш йил муқаддам шу пайтда мени уйғотган эдинг, болам”, деб пичирлаб қўйди.
Ўғил уйғонар экан, дархол соатга қаради. Иш вақти аллақачон бошланган эди. Шоша пиша юз қўлини ювиб, ишга отланди. Онасига берган ваъдасини эслади-ю афти буришиб, машинани миниб ишга кетди.
Соат миллари 11.30 ни кўрсатиб турганди. Шу пайт телефоннинг овози бутун идорани бошига кўтариб жиринглай бошлади.
“Алло ака! Онамни бериб қўйдик”. Ўғил бу хабардан ўзини йўқотиб қўйди. Шош пиша пастга тушиб такси тўхтатди. Кетиб борар экан, кечқурунги воқеани эслаб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
Машинадан тушиб онаси ётган уйга кириб бориб унга ўзини отди. Бағрига бошини қўйиб хўнг-хўнг йиғлади. У ниманидир сезди. Устидаги оқ матони кўтариб, кўйлагини ичидаги оппоқ қоғозни олар экан, унинг орқасида ўзининг жилмайиб турган расми турарди.
Энди кеч эди. Чунки, дийдор қиёматга қолган эди.

Салимжон домла МАТҒОЗИЕВ,
“Аммор ибн Ёсир” жоме масжиди имом хатиби