ИСЛОМ ТАРИХИДА НОМЛАРИ ҚОЛГАН ОНАХОН!!!

1322

Ҳаммамизга маълумки ер юзида динлар кўп, лекин Ислом дини каби аёл зотини хурматини ва иззатини жойига қўйиб авайлаб-ардоқлаб, асрайдиган дин йўқ деб бемалол айта оламиз. Чунки Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам аёллар эъзозланади, мисол учун, Қуръони каримнинг энг катта суралардан бири «Нисо» аёллар деб номланган. Ояти каримада Аллоҳ таоло биринчи бўлиб хоҳлаган бандасига қиз фарзанд беришлигини ўғил фарзанддан олдин келтирилганлиги ҳам аёл зотини эхтиром қилишлик лозимлигига яққол мисолдир. Сўзимизни яна ҳам қувватлаш мақсадида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига бир назар соламиз.
Ривоят қилинишича, ҳазрати Умар иби Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз ҳалифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаёттан эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолибди. Ваъз, насихат қилибди, «Эй Умар, дебди аёл – яқиндагина Умарча деб аталардинг, улғайганингдан сўнг «эй Умар» деб аталадиган бўлдинг. Энди эса, «эй амирал мӯминин» деб аталмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин! Эй Умар! Ким ўлимга ишонса умрини бекор ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади», дея сўзлайверибди аёл. Ҳазрати Умар бўлсалар, жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофдагилар у кишига:«Эй, мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?» – дейишганида, ҳазрати Умар уларга жавобан бунай деган эканлар:
«Аллоҳга қасамки, куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу – Хавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Оламларнинг Парвардигори бу аёлнинг сўзларини эшитади-ю, Умар эшитмасинми?!»
Хулоса: Азизлар! Ислом тарих зарварақларига битилган ушбу маълумот, умматнинг ҳаётига катта дарс деб айтсак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Ожиза бўлган оналаримизни, опа ва сингил-қизларимизни эъзозлаш биз учун савобли амаллардандир.

Асадуллоҳ домла АЗИМОВ,

Андижон шаҳар «Жиддаи муборак» жоме масжиди имом-ноиби