Кунда неча бора ойнага қараймиз. Сийратимизга, кийимларимизга эътиборлимиз. Афсуски, қалбларимизни моғор босган. Шунинг учун ҳам бугун одоб-аҳлоқимиз тубанлашиб кетди. Тирноқ остидан кир қидирамиз, одамларни айбини ахтарамизу ўзимиздаги қусур ва иллатларни кўрмаймиз. Охиратдан умидимиз йўқмики, бировни айбини яшир, сени айбингни Аллоҳ яширади, десангиз таъсирланмайди.

Аллоҳ бир бандага яхшиликни ирода қилса, унга ўз айбларини кўрадиган басират беради. Кишининг бахти ўз устида ишлаб, бугуни кечаги кунидан эзгу амали кўплиги, ўзида гўзал хулқларни бино қилишида. Кишини бадбахтлиги ўзини ҳолига куймай, ўзгалар айбини қидиргани, гапириб юргани.

Бу ҳақда Ҳазрат Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ ҳам “Маснавий”да бундай деган:

Ғофил анд ин қавм аз худ сар ба сар,
Ло жарам гўянд айби ҳам дигар.

Таржимаси:
Ўзидан ғофил бу эл бошдин-оёқ,
Бир-бирининг айбини сўзлайди, боқ.

Насрий баёни: Бу қавм бошдан-оёқ ўзидан бехабардир, шунинг учун фақат бир-бирининг айбини гапиради.

Аллоҳнинг Ўзи, бундай ғофил, бадбахт бўлиб қолишимиздан асрасин!

Фарҳодбек Жўраев

Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжиди мутаваллиси