Ўтган асримизда террор муаммоси кўпроқ Иломга таъна тоши ёғилишига сабаб бўлган эди. Бугунга келиб бутун жаҳон афкор оммаси террор аслида Исломга мутлақо бегона эканлигини англаб етди. Бунда шубҳасизки Ислом уламоларининг ўз вақтида аниқ далиллар асосида берган раддияларининг ўрни ювори бўлди.

Бу ҳақда раддиялар бериб бориш ҳамон муҳимлигида турибди. Шу ўринда жиҳодчилар ҳақида ушбуларни эслатиб ўтиш зарур. Яъни асримизнинг энг катта муаммоларидан бири ёшларнинг бузғунчи ғоялар домига тушиб қолишларидар. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз деб эътиқод қилишдари жула ҳам катта муаммо. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш учун уларга бу борадаги ҳақиқий исломий таълимотларни етказиш зарур. Хусусан террор нима эканлигини яхши тушунтиришимиз керак.

Расмий маълумотларда келтирилишича, биргина 2006 йили жаҳонда 14 мингдан ортиқ террорчилик ҳаракатлари амалга оширилган бўлиб, уларнинг оқибатида 20.498 киши ҳалок бўлди. Қўпорувчиликлар 1800 ёш боланинг ҳаётига зомин бўлди. Террорчиликларнинг 45 фоизи Ироқ ўлкасида амалга оширилди. Шу йили террорчилар 350 та масжидни портлатиб-вайрон қилишди, пул бадалига алмаштириш учун 6630 марта одам ўғирлашди.

Яхши англашимиз керакки, террорчилик ҳаракатларининг Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган Ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмаган, қилмайди ҳам. Қуръони карим бундай таълим беради:

“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир” (Моида, 32);

“Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир” (Нисо, 93);

Террорчилар зулм, қотиллик, уруш, одамларни жабр-ситамга мубтало қилишни асосий мақсад этиб олишган. Буларнинг ҳаммасини Қуръони карим улкан бузғунчилик, деб атайди. Бузғунчиларнинг жойи эса жаҳаннамдир:

«Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар борки, уларга Аллоҳнинг лаънати бўлур ва уларга энг ёмон диёр – жаҳаннам бор» (Раъд, 25).

«Ислом» номининг ўзаги «тинчлик, сулҳ, омонлик» маъноларини ҳам англатади. Бу дин инсонларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто ўзга дин ва мафкура вакилларига ҳам зулм қилмасликка чақиради. Қуръони карим таълимотига кўра, уруш, қон тўкиш номақбул, иложсиз заруриятдир. Фақат муқаррар ҳолатлардагина, мусулмонларнинг дини, юртига аниқ хавф туғилгандагина урушга ижозат берилган.

Аллоҳ таоло Ер юзида ёвузлик қилмасликка буюради, ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни тақиқлайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло буйруқларига бўйсунмаганлар «шайтон изидан эргашганлар» деб зикр қилинади. Террорчилик қон тўкишнинг шайтоний усулидан бошқа нарса эмас.

Абдураззоқ домла Фармонов  

Асака туман бош имом-хатиби