Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг маънавиятни юксалтириш, диний қадриятларни тиклаш борасида катта ишлар қилинди. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия ўртасида тотувлик, бағрикенглик хукм сураётганини алоҳида айтиш мумкин. Лекин диний қадриятлар эркинлигидан ғаразли мақсадда фойдаланувчилар чиқиб қолгани ҳам ҳақиқат. Бундайлардан баъзилари муқаддас Ислом дини номидан иш юритиб, унга доғ тушираётган экстремистик ҳамда террористик оқим ва ташкилотлар бўлса, бошқалари христиан динини ниқоб қилиб олган секталар миссионерлардир.
Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Хўш, секталар ва уларни тарғиб қилаётган “миссионер”ларнинг нима зарари бор, деган савол туғилиши мумкин. Асосий эътиборни мана шу жиҳатга қаратсак. Биринчидан, миссионерлик натижасида маълум бир динга эътиқод қилувчилар орасига анъанавий диндан ташқари ўзга дин кириб келади. Унинг ортидан ўзгача дунёқараш, урф-одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса ўз навбатида одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама-қаршиликни вужудга келтиради. Иккинчидан, “ташвиқот” натижасида бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз “диндошлари”га бошқача муносабату “ғайрилар”га ўзгача муносабат шаклланади ва бу муносабат оила, қавм-қариндошчилик, қўни-қўшничиликка ҳамда жамият бирдамлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Учинчидан, бундай бўлиниш одамларнинг хусуматлашиши, жамиятдаги муаммоларни якдил ҳал қилмаслиги, охир-оқибат иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам муаммолар бузилишига олиб келади. Тўртинчидан, ўзга таъсир доирасига тушганларнинг миссионерлари тобеларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида разил ишларга ҳам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб давлат ва жамиятни парчалаш, уни таназзулга юз туттириш, маънан қашшоқлаштириш, ўз муаммолари билан машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа муҳим вазифаларидан чалғитишнинг энг яхши воситаларидан ҳисобланади. Жамоа аъзолари секта ғояларини фаол тарқатиш, сектага тааллуқли ишларни қолган барча нарсадан устун қўйиб, уни биринчи галда бажариш, керак бўлса, бу йўлда оила, ота-она, фарзанд, яқинлар, жамиятни тарк қилиш ёки уларга қарши чиқишга тарғиб қилинади. Шунингдек, “тарғиботчилар” янги аъзоларини “Худога олиб боришлари” ҳам шарт ҳисобланади. Бу йўлда улар ҳеч нарсадан тап тортишмайди: алдаш, хийла ишлатиш, ўзини ростгўй, тақводор, бахтли, омадли, бой ёки қийналган, эзилган қилиб кўрсатиш каби бир қанча услублардан фойдаланишади. Агар уларни эшитмасликка ҳаракат қилсангиз, бошқачароқ мавзуда сўз очишади ва тарғибдан тўхташмайди. Улар ишонч ва матонат билан сўзлашга буюрилган. Шу сабаб, улар нима қилиб бўлса-да, одамлар ишончига кириш уларни ўз томонига оғдириб олиш учун бор кучини сарф қилишади. Шуни эсдан чиқармаслик лозим: тарғиботчи бирор бошқа динга эътиқод қилувчи одамга ҳеч қачон ўз динини устун қўйиб, бошқанинг динини камситишдан гап бошламайди.
Балки дастлаб, ўз дини билан унинг дини ўртасидаги муштаракликларга тўхталади. Масалан, Исо пайғамбар Исломда ҳам пайғамбар сифатида тан олинади, дейди.
Шу сабаб миссионер Исо(алайҳис салом)нинг буюклиги, Қуръоннинг бир нечта оятларида зикр этилганини айтиб, Инжилдаги мисоллар билан бойитади. Аслида эса, у Қуръони каримни тан оладими ёки йўқми, деган савол очиқ турибди. Суҳбатдош юқоридагиларга кўнсагина кейинги босқичга ўтилади. Бу ҳолатни ўзбек тилида чоп этилаётган китобларда ҳам кузатиш мумкин. Демак, “ҳар бир ялтираган нарсани олтин дейиш” хато экан. Миссионер инсонни жалб қилиш мақсадида одамга ширин ва мулойим сўзларни айтиши, керак бўлса, унинг ташқи жиҳатлари ёқимли экани, кийими ўзига жуда ярашгани, юзи нуронийлиги ва шу каби мақтов айтишдан тап тортмайди
Иегова Шоҳидлари миссионерликка катта эътибор берадилар Жамоа пайдо бўлган даврдан бошлаб асосан уйма-уй юриш ва адабиётлар тарқатиш билан ўз издошларини кўпайтиришга ҳаракат қиладилар. Ҳозирги кунга келиб иеговочи миссионерларнинг сони 700 мингдан ортиқ деб ҳисобланади. Миссионерлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ва адабиётларни нашр этиш учун “Қўриқчи минора, Библия ва рисолалар жамияти” тузилган. Ҳозирги кунда Иегово шоҳидлари 230 дан ортиқ мамлакатда фаолият олиб боради ва дунё бўйлаб 111 бўлимга эга. Ташкилотнинг “Қўриқчи минора” журнали ойига икки марта 125 тилда, 22 миллиондан ортиқ нусхада “Уйғонинглар!” журнали ойига бир марта 81 тилда, 20 миллион ададда нашр этилади. Ушбу нашрлар асосан миссионерлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган. 2006 йилдан “Қўриқчи минораси” журнали ўзбек тилида ҳам чоп этила бошланди. Иеговочилар ушбу журнал нашрларини юртимиз ҳудудига олиб кириш йўлида доимий ҳаракатлар олиб бормоқда.
Аввал ислом динида бўлиб, кейин ундан юз ўгириб кетиш эса, динимизда муртадлик дейилади. Бу эса, Аллоҳнинг ҳимоясидан қочиш, унинг динидан ўзга динни афзал билиш демакдир. Албатта, бундай ҳолатда унга ҳақ йўлни тушинтириш, тавба қилиб, ўз динига қайтишга ундаш лозим бўлади. Миссионерларнинг найрангига алданиб, ўзга динни қабул қилган кишиларни инсоф ва диёнатга чақириш барчамизнинг бурчимиз. Умуман олганда, инсон оила, маҳалла, жамиятдан айри яшай олмайди. Шу сабабли, ўзимизга жиддий эътибор қаратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз ва қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан масъулиятимизни ҳис этишимиз даркор. Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтиб, тўғри йўлни топишга сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсалардан аъло экани мазмунидаги ҳадисни эсдан чиқармайлик.
Олтинкўл туман бош имом-хатиби
Тўрақулов Муҳаммадюсуф