Тарози хиёнатидан йироқ бўлинг

1162

Кел, эй комил, камол этсанг диёнат,

Кишига қилмагил ҳаргиз хиёнат.

Сўфи Аллоҳёр

Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда “Биз ўз элчиларимизни ҳужжат (мўъжиза)лар билан юбордик ва улар билан бирга китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон (тарози ёки меъёр) туширдик”, – деб марҳамат қилган. (Ҳадид сураси 25-оят)

Ушбу ояти каримада икки муҳим мавзу ёритилган. Биринчиси Пайғамбарларнинг илоҳий китоб билан келиб дин аҳкомларини ўз умматларига етказишлари. Иккинчиси-меъёр ва мезон билан адолат ўрнатиш мавзуси.

Мезон – тарози ва бошқа ўлчов бирликлари, меъёр билан адолат ўрнатиш, ижтимоий адолатни барпо этиш, одамлар ўртасидаги муомалаларда ноҳақлик ва хиёнатга барҳам бериш демакдир. Афсуски, биз инсонлар бу мезонга хиёнат қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло тарози ва бошқа ўлчов бирликларида вафо қилишимизга буюриб шундай марҳамат қилган: (Савдо-сотиқда) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилингиз ва тўғри тарозида тортингиз! Мана шу яхши ва чиройли ечим (ҳукм)дир”. (Исро сураси 35-оят)

Ушбу ояти каримадан сиз ва бизларга ўлчанадиган нарсаларда ўлчовни тўла-тўкис қилишимиз ҳамда ҳеч ҳам камайтирмаслигимизни  буюрмоқда. Шуайб алайҳиссаломнинг қавми тарози ва бошқа ўлчовларда уриб қолар  эдилар. Шу сабабдан Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган. Бундай ишни қилувчиларга, яъни тарози ва бошқа ўлчовларда уриб қолувчиларга бошқа ояти каримада: (Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозида) уриб қолувчи кимсалар ҳолига Вайл дўзахи бўлсин! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса, уриб қоладиган кимсалардир”, (Мутоффифун сураси 1-2-3-оятлар)   деб марҳамат қилган. Юқоридаги оятларда савдода кишилар ҳаққидан уриб қолувчи фирибгарлар борасида сўз юритилди. Тарозими, метрми ёки бошқа ўлчовми бари-бир. Улар кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ, балки ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда кам берадилар.

Суддий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган вақтларида у ерда Абу Жуҳайна исмли киши бор эди. Унинг иккита “микёли” (ўлчов асбоби) бўлиб, бири билан одамларга ўлчаб берар, иккинчиси билан ўзига ўлчаб олар эди. Шу боис Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди”.

“Улар ўзларининг улуғ бир кунда барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб қилинадиган, ўрталарида ҳукм этиладиган қиёмат) кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!”. (Мутоффифун сураси, 4-6)

Улар қиёмат кунида ўлгандан кейин қайта тирилиш ва қалбдаги нарсаларни ҳам биладиган Зотнинг ҳузурида ҳисоб-китоб беришдан қўрқмайдиларми?

Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни ҳисобот бериш учун одамлар Аллоҳнинг ҳузурида ярим кун, яъни 500 йил туриб қоладилар. Лекин бу муддат мўминларга нисбатан қуёшнинг оғишига тенг қисқа фурсат ичида ўтади”, – дейилган. Лекин бировнинг ҳаққига хиёнат қилган киши гарчи мўмин бўлса ҳам ҳисоб-китоби оғир кечиши бошқа ҳадисларда баён этилган. Зеро, Аллоҳ таоло фақат ўзининг ҳаққинигина кечиши мумкин.

Зажжож айтганларки: “Агар ўйлаганларида эди, ўлчов ва тарозидан уриб қолмаган бўлишарди”.

Молик ибн Динор айтадилар: “Қўшнимнинг олдига кирдим. У ўлими яқинлашиб қолган, қайта-қайта: “Иккита оловли тоғ, иккита оловли тоғ”,- дер эди. Ундан: “Нима деяпсан?”-деб сўраган эдим, “Эй Абу Яҳё, менинг иккита ўлчов асбобим бўлиб, бири билан ўзимга ўлчаб олар, иккинчиси билан бошқаларга ўлчаб берар эдим”, деди. Ўрнимдан туриб ўлчов асбобининг бири билан иккинчисини ура бошладим. Шунда у: “Эй Абу Яҳё, бири билан иккинчисини урганингиз сайин, иш-ҳолатим жиддийлашиб, қийинлашиб кетяпти”, деди. У кейинроқ шу касали сабабли вафот этди”.

Бировларнинг ҳаққидан уриб қолиш ўғирлик, хиёнат ва ҳаром ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бу ишни қилганларга Аллоҳ “вайл” билан таҳдид солди. Вайл – шиддатли азоб, бошқа ривоятда айтилишича, вайл – жаҳаннамдаги водий бўлиб, агар унга дунёдаги  тоғлар туширилса, ҳарорати юқорилиги боис тошларини эритиб юборади.

Салафлардан бири айтган экан: “Ҳар бир (ўлчов асбобида) ўлчовчи ва (тарозида) тортувчи кишининг дўзахий эканлигига гувоҳлик бераман. Чунки Аллоҳ сақлаганлардан ташқари бирон кимса саломат қолмайди бундай”. Ўлчовимиз тўғри бўлишига Аллоҳ ёрдам берсин ва дўзахий бўлиб қолишимиздан яратганнинг Ўзи асрасин!

Солиҳлардан яна бири айтади: “Бир беморни кўргани бордим. Ўлими яқинлашиб, ўзини билмай ётган экан. Унга ҳар қанча шаҳодат калимасини талқин қилсам ҳам, тили ҳеч айланмасди. Ўзига келгач: “Биродар, шаҳодатни шунча талқин қилсам ҳам, тилингиз сира айланмайди-я. Тинчликми ўзи?”, деб сўраган эдим, “Тарозининг тили (палласи) тилимни босиб, гапиртирмай қўйди”, деди. “Нима, тарозидан уриб қолармидингиз?” дея сўраган эдим, “Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас. Бироқ вақтида тарозимнинг тўғрилигини текшириб турмас эдим”, деб жавоб берди”.

Тарозининг тўғрилигига эътибор бермаган кишининг ҳоли шу бўлса, уриб қоладиганларнинг аҳволи қандай бўлар экан?!

Имоми Нофиъ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу сотувчининг олдидан ўтаётганда: “Аллоҳдан қўрқ, ўлчов ва тарозини тўғри қил. Чунки уриб қолувчилар терлари то қулоқларининг ярмигача кўмиб юбормагунча тўхтатиб туриладилар”, дедилар.

Салафлардан бири айтган экан: “Кам қилиб берган битта дони сабабли кенглиги осмонлару ерча келадиган Жаннатни сотиб юборадиган кимсага вайл бўлсин. Ортиқча олган битта дони сабабли вайлни сотиб олган кимсанинг ҳолига вой бўлсин”.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳисоб-китобимизни осон қилсин ва бундай қабиҳ ишлардан ўзи сақласин! Аллоҳ таолодан авф ва барча балою офатлардан офият тилаймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли зотдир.

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Рустамжон МАҲМУДОВ