КИТОБ БИЗНИНГ ДЎСТИМИЗ

1235

Тарихий манбалардан маълумки, азал-азалдан доно халқимиз илмни қадрлаб, китобни севган ва ўзига дўст тутган.

Шунинг учун ҳам, ўтмишдаги ўзгариш жараёнлари қандай кечганидан қатъий назар, Ислом динининг асосий манбаи бўлган Қуръони каримнинг кийик терисига кўфий хати билан ёзилиб, варақларидан бирига Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг муборак қонлари тўкилган илк асл нусхаси “Усмон мусхафи” диёримизда сақланиб қолган.

Дунёдаги мавжуд китобларнинг энг ноёб ва нодири деб баҳоланган, ер юзидаги бир ярим миллиарддан ортиқ мусулмонлар учун муқаддас бўлган бу табаррук қўлёзма асар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси хузуридаги музейга айлантирилган машҳур “Мўйи Муборак” мадрасасида қайта таъмирланиб, Германиядан келтирилган махсус сандиққа солиниб, хар қандай иқлим шароитига мос келадиган мўътадил хаво ва намлик билан таъминлаб берувчи ускуналар билан жихозланган ҳолда мухофаза қилинмоқда.

Аждодларимиз салкам 15 асрдан буён кўз қорачиғидай авайлаб-асраб келаётган мазкур муқаддас китоб – Каломуллоҳни зиёрат қилиш истагида бўлган кишилар учун ҳам қулай шароит яратиб қўйилган.

Юртимизнинг бир неча илм даргоҳларидаги музей ва кутубхоналарида бугунги кунда жами бўлиб 473698 та қўлёзма ва тошбосма китоблар ҳамда араб ёзувида битилган ҳужжатлар сақланмоқда.

Ғарб давлатларининг довруғи дунёга таралган музей ва кутубхоналарида ҳам қадимий қўлёзмалар ва нодир асарлар бор, лекин уларнинг аксарияти, бир вақтлар ўзлари босиб олган мамлакатлардан талон-тарож йўли билан тортиб олингани ва тўплангани барчага маълум.

Бизга бундай нодир манбалар эса, Худога шукурлар бўлсинки, шу азиз Ватанимиз тупроғида таваллуд топган ва яшаб ўтган улуғ аждодларимиз ва буюк бобокалонларимиздан мерос бўлиб қолган

Маънавият ва маърифат оламига беназир хизматлар қилиб, номлари тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар ила битилган беҳисоб алломалар ва забардаст уламолар юртида туғилиб ўсишимиз ҳамда шу муқаддас заминда ҳаёт кечиришимиз, дилимизда фахр ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради.

Бу қадар улкан маънавий бойлик бизга ғурур бағишлаши билан бирга, ўқиш ва ўрганиш масъулиятини ҳам зиммамизга юклашини унутмаслигимиз керак.

Буюк сиймоларнинг табаррук изларидан бормоқлигимиз, улар қолдирган илмий-адабий меросни ўрганмоқлигимиз ҳамда хикматлар хазинасидан баҳра олиб, ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз лозимдур.

Зеро, жаҳон адабиётининг мумтоз асарларини ўқиб-ўрганиб, ундан руҳий ва маънавий озуқа олган одамнинг ҳаёт йўллари ҳамиша чароғон бўлади.

Чунки таълим ва тарбиянинг асосий негизи ҳисобланган китобда илму ҳикмат ҳазиналари, касбу-ҳунар сирлари ҳамда одоб-ахлоқ ва муомала маданияти қоидалари мужассамдир.

Бир сўз билан айтганда, илмга ошно бўлиб, китобни дўст тутишимиз ва севиб ўқишимиз бизларни абадий саодат сари етаклаб, бу ёруғ дунёда ҳам охиратда азизу мукаррам бўлишимизга сабаб бўлади.

Ҳадиси шарифда баён қилинганким:

“Ҳазрати Сулаймон алайхиссаломга мол-мулк ва илм танлаш ихтиёри берилганда, у зот илмни танладилар. Шунда у зотга мулк ва мол ҳам ато этилди”. (Дайламий ривояти)

Кўҳна тарих қаърида қолган ўз даврининг алломаси, пайғамбари ва подшоҳи бўлган Сулаймон ибн Довуд алайҳимуссалом ҳақидаги қиссалар барча динларга оид муқаддас китобларда ҳам баён қилинган. Илмлари шу қадар юксак даражада бўлган эдики, ҳатто ҳайвонлар, ҳашоратлар ва қушлар тилларини ҳам тушунар эдилар.

Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло Иброҳим Халил алайҳиссаломга:

“Мен ўзим илму ҳикмат эгасиман ва барча олимларни яхши кўраман ва дўст тутаман” – дея марҳамат қилган.

Илм ва унинг фазилатлари ҳақида Қуръони каримдаги оятлар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алаҳиссаломнинг кўплаб ҳадислари тарғибот қилинишига қарамасдан, кейинги пайтларда айрим ёшлар қалбига интернетга ин қурган ижтимоий тармоқлар чанг солиб, уларни адабий муҳит ва китоб ўқишдан узоқлаштириб бормоқда.

Кўнгилочар сайтларга маккорлик билан жойлаштирилган бузғунчи оқимларнинг вайронкор ғоялари, ҳамда ёлғон ва пуч ваъдалари жаҳолат гирдобига ғарқ қилиб, тўғри ва ҳақ йўлдан оздирмоқда. Айниқса эътиқод масаласида илми саёз ёшларни чалғитиб, онгини заҳарлашга уриниб, миллий ва диний низолар қўзғаш оқибатида уларни ҳалокат домига тортишга ҳаракат қилмоқда.

Маънавий таҳдидлар ва мафкуравий хуружлар авж олган ҳозирги даврда, зукко ва зийрак, ёшларимиз, разолатга элтувчи, қабих ниятли ғанимларнинг ғаразли мақсадларини ўз вақтида англаб, ижтимоий-диний муҳитни бузишга қаратилган тескари ташвиқотлардан доимо огоҳ бўлишлари керак.

Уларга қарши маърифий кураш усулларини билиш учун ҳам етарли даражадаги билимга эга бўлишлари ва кўпроқ китоб ўқишлари мақсадга мувофиқдур.

Шаҳрихон туман бош имом-хатиби

Турғунов Иззатуллоҳ Ҳалимқори ўғли