Мардлар қўриқлайди ватанни

2302

Ватан – бу ҳар бир кишининг ота-онаси, опа-сингиллари, аҳли аёли ва шириндан-шакар фарзандларидир. Мана шунинг учун ҳам “Ватан оиладан бошланади” деб таълим беради улуғларимиз. Шунинг учун ҳам юрт тинчлиги ва хотиржамлигида кечалари ухламасдан қўриқчилик қилиш, ҳар бир эр кишининг ўзи туғилиб ўсиб, яшаётган эл-юртининг олдидаги вазифалари ичида энг улуғидир. Чунки Аллоҳ таоло эркакни ўз оиласи, хонадони ва яшаб турган ватанини ҳимоячиси ва қўриқчиси бўлиши учун нафақат таъминотчи балки, мард, жасур, ҳамиятли ва куч-қувват соҳиби этиб қўйди. Ватан ҳимояси учун тўкилган қон ғозийлар қони, ватан учун фидо қилинган жон эса шаҳиди аълоларнинг жони билан тенглаштирилгандир.

Усмон (розияллоҳу анҳу) Росулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Аллоҳнинг йўлида бир кеча қўриқчилик қилишлик, ухламасдан ибодат қилинган минг кеча ва нафл рўза тутилган минг кундан афзалдир” деганларини эшитдим дейдилар. (Имоми Ҳаким ривояти).

Ибни Аббос (розияллоҳу анҳума) Росулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Икки кўз борки уларни дўзаҳ куйдирмайди, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган ва Аллоҳнинг йўлида уҳламасдан (халқини, ватанини) қўриқлаб тонг оттирган кўзни” деганларини эшитдим дейдилар. (Имоми Тирмизий ривояти).

Ибни Умардан (розияллоҳу анҳу) Набийнинг (соллоаллоҳу алайҳи ва саллам) “Қадр кечасидан афзалроқ кечадан хабар берайинми?, ўз аҳлига қайтиб келмаслигининг эҳтимоли бўлган хавфли ерда қўриқчилиқ қилган қўриқчининг ўтказган кечаси” деганларини ривоят қилинади. (Ҳаким ривояти).

Ҳеч бир замон хавф-хатардан холий бўлмайди. Шундай таҳликали замонда жонини тикиб эл-юрт тинчлиги, хотиржамлиги йўлида ҳизмат қилиётган ҳар бир, каттаю-кичик тинчлик посбонларига ҳадиси шарифлардаги эътиқодни, ваъдаларни тилаб қоламиз.

Доимо Аллоҳнинг паноҳида, ёрдамида бўлинглар деймиз. Сизлар бор, ҳушёр экансиз, халқимиз ҳотиржамдир. Фарзандларимизни шодлигида, халқимизнинг ютуқларида ва ёши улуғ дуогўйларимиз бўлган ота-оналаримизнинг фарзанд ва набираларининг рохатини, қувончини кўриб яшашларида сизларнинг ҳизматингиз беқиёсдир.

Азиз тинчлик посбонлари ва ватан ҳимоячилари  14-январь “Ватан ҳимоячилари” куни билан эл-юрт тинчлиги, ободлиги йўлида бел боғлаган хар-бир мард ўғлонларни чин дилдан  табриклаймиз. Сизларга халқимиз, Ватанимиз ва Яратганнинг олдидаги йигитлик, эр кишилик ҳизмат ва бурчларингизга ҳамда вазифаларингизни тўла-тўкис адо қилишларингизда Аллоҳнинг ўзи ҳамиша мададкор бўлиб шарафингиз бунданда олий бўлсин деб қоламиз.

Андижон шаҳар

“Холиқбердибой” жоме масжиди

имом-хатиби Улуғбек Назиров