Имон ҳаловати – ақида мусаффолигида 19.01.2018 й

784

بسم الله الرحمن الرحيم

ИМОН ҲАЛОВАТИ – АҚИДА МУСАФФОЛИГИДА 

Муҳтарам биродарлар! Ислом дини бешта рукнга бино қилинган бўлиб, уларнинг энг биринчиси, қолган тўрттасининг мақбул бўлишига асос саналган рукни имондир. Ақида масаласи айнан мана шу рукнга тегишли бўлиб, бу ҳақда барча мусулмонлар етарли даражада илмга эга бўлишлари лозимдир. Зеро, улуғ машойихлардан Сўфи Оллоҳёр айтганларидек:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса елдур.

Ақида борасида битилган энг мўтабар китоблардан биринчиси Имом Абу Ҳанифа р.ҳ.га мансуб “Ал-фиқҳул акбар” китоби бўлиб, бу асар биз мотуридий ақидасига эргашувчи мусулмонлар учун асосий манба саналади. Абу Ҳанифа р.ҳ. бу китобда шундай деганлар:

أَصْلُ التَّوْحِيدِ وَ مَا يَصِحُّ اْلاِعْتِقَادُ عَلَيْهِ يَجِبُ أنْ يَقُولَ: آمَنْتُ بِاللهِ، وَ مَلاَئِكَتِهِ، وَ كُتُبِهِ، وَ رُسُلِهِ، وَ الْبَعْثُ بَعْدَ الْمَوْتِ، وَ الْقَدَرِ خَيْرِهِ وَ شَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى،  وَالْحِسَابُ وَ الْمِيزَانُ، وَالْجَنَّةُ وَ النَّارُ حَقٌّ كُلُّهُ. وَاللهُ تَعَالَى وَاحِدٌ لاَ مِنْ طَرِيقِ اْلعَدَدِ، وَلَكِنْ مِنْ طَرِيقِ أنَّهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ: قُلْ هُوَ اللهُ أحَدٌ* اَللهُ الصَّمَدُ* لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ* وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُواً أحَدٌ

(سورة الإخلاص).        

яъни: “Тавҳиднинг асли ва эътиқод қилиш тўғри бўлган нарса шуки: ҳар бир мусулмон шундай деб айтиши вожиб бўладики: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканлигига имон келтирдим. Ҳисоб, тарозу, жаннат ва дўзах барчаси ҳақдир. Аллоҳ таоло бирдир, лекин соноқ жиҳатидан эмас, балки Унинг шериги йўқлиги жиҳатидан. Қуръони каримда айтилганидек: (Эй Муҳаммад!),  айтинг: “У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ беҳожат, (лекин)  ҳожатбарордир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир” (Ихлос сураси).

Ушбу матнда ақиданинг асослари ва унинг тўғри бўлиш тарзи зикр этиб ўтилмоқда. Банда юқорида айтилган ақидаларга аввало чин дилдан ишонмоғи лозим. Сўнгра уни тилида айтса имони комил бўлади. Агар дилида тасдиқлаб, узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўмин ҳисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса одамларнинг назарида мўмин ҳисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Шунинг учун имоннинг комил бўлиши учун дилда тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши шарт қилинган.

Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, ақидаси тўғри бўлмагани сабабли, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди.

Муҳтарам жамоат! Ақидани яхши билмаслик динда чуқур кетишга олиб боради. Динда ғулувга кетиш эса, инсонни ҳалокатга элтади. Бу борада Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар:

عن ابن مسعود رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قَالَ: “هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ” قَالَهَا ثَلاَثا”

(رواه الإمام مسلم).

яъни: Ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилинади: Пайғамбар с.а.в.: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта такрорладилар (Имом Муслим ривояти). Бундан мурод мусулмон киши диний ишларда Қуръони карим ва суннати набавияда бўлмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юборишдир. Шуни таъкидлаш лозимки, баъзилар динни жуда ҳам енгил олиб, Аллоҳ таоло буюрган амалларни адо қилишни ортга сурсалар, яна баъзилар эса уни ҳаддан ошириб юборишади. Бу иккиси ҳам нотўғридир.

Динда ғулувга кетиш – мусулмон халқларининг ўртасини бўлиб юборишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида ватанда беқарорлик вужудга келади. Юртнинг қуввати заифлашади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَا تَنَازَعُوا فَتَفْشَلُوا وَتَذْهَبَ رِيحُكُمْ

 (سورة الأنفال/46).

яъни: Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур (Анфол сураси, 46-оят). Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда диний билимни ёшларимиз турли интернет воситаси орқали ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишмоқда. Болаларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун улар мадраса кўрган, интизомий дарс ўқиган устозлардан намуна олишлари зарурдир. Бундан ташқари исломий ақидадан умуман бехабар кишилар орасида муқаддас ислом динини менсимасдан миссионерларнинг даъватига алданиб қолаётганлар ҳам учрамоқда. Мусулмон кишининг ўз динидан воз кечиб, ўзга динни қабул қилиши Аллоҳ таолонинг даргоҳида кечирилмас гуноҳдир. Мўмин мусулмон халқимиз бундай ишлардан ҳазарда бўлишлари лозим.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда айлаб, барчамизни рушду ҳидоятда барқарор бўлмоғимизни насибу рўзи қилсин. Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг Ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар баёни қисмида жамоат намози хусусида сўз юритамиз.

Беш вақт намоз учун имом билан бирга икки киши, жума намози учун эса имомдан ташқари уч киши жамоат ҳисобланади.

Жума ва икки ҳайит намозларини жамоатсиз адо этиб бўлмайди. Яъни ҳеч бир киши ёлғиз ҳолида мазкур намозларни ўқиши мумкин эмас.

Беш вақт намоз учун жамоат суннати муаккададир. Яъни узрсиз кишилар учун беш вақт намозни масжидда жамоат билан адо этиш таъкидланган суннатдир.

Агар икки киши намозни жамоат бўлиб ўқимоқчи бўлса, имом чап тарафда туради, унга иқтидо қилувчи эса, имомнинг ўнг тарафида бир қадам орқада туради. Агар иқтидо қилувчиларнинг сони иккитадан ортиқ бўлса, имомнинг ортидан саф тортадилар.

Аёллар намозни жамоат қилиб ўқимайдилар, имомликка ўтмайдилар.

Масжидда жамоат намози ўқиб бўлингандан кейин кеч қолиб келган кишиларнинг намози борасида икки хил ҳолат мавжуд:

  1. Агар масжид маҳалла ичида жойлашган бўлиб, шу масжиднинг қавми жамоат намозини ўқиб бўлганидан сўнг, жамоатга кеч қолиб келган кишиларнинг ҳар бирлари намозларини жамоат қилмай ёлғиз ўқийдилар.
  2. Агар масжид катта йўл бўйида жойлашган бўлиб, у масжиднинг қавми жамоат намозини ўқиб бўлганидан кейин ҳам йўловчилар бирин-кетин масжидга кириб келишлари доимий тарзда, одатий ҳолга айланган бўлса, у ҳолда бундай масжидда жамоатга кеч қолган кишилар намозларини қайтадан жамоат қилиб ўқишлари жоиз бўлади. Бироқ, кейинги жамоатнинг имоми аввалги жамоатнинг имоми турган меҳробдан бошқа жойда туради.

Шуни билмоқ лозимки, кейинги жамоатга етиб олишдан умидвор бўлиб аввалги жамоатга қасддан кеч қолиб келиш макруҳдир.

Таҳоратли киши узрли киши (соҳиби узр)га иқтидо қилмайди. Қори (қироати намозга яроқли) киши омий (қироати тажвилга мувофиқ бўлмаган) кишига иқтидо қилмайди. Руку ва сажда қилишга қодир бўлган киши имо-ишора билан намоз ўқийдиган кишига иқтидо қилмайди. Фарз ўқийдиган киши нафл ўқиётган кишига ёки бошқа фарзни ўқиётган кишига иқтидо қилмайди.

Таҳорат олган киши таяммум қилган кишига, аъзоларини ювган киши масҳ тортган кишига, нафл ўқийдиган киши фарз ўқийдиган кишига иқтидо қилиши жоиз.

Imon halovati aqida musaffoligida juma tezisini pdf форматда юклаб олиш

Манба: muslim.uz