Бузгунчиларга раддиялар

934

Абу Хурайрадан (р.а) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса. У жаҳаннам ўтида абадий, доим йиқилиб азобланади. Ким заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий  азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирни қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий).

Ҳозир баъзи гуруҳ ва шахслар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлари йўлида “ўзини ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб бахоланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз харакатларини оқлаш мақсадида келтирилган барча далилларни Ислом уламолари қоралашган ва асоссиз топишган.

Жиҳод масаласида. Ушбу сўз араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “харакат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “мехнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.

Дастлаб “жиҳод” дейилганда Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси “душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан курашишдир”. Ибн Рушд “Муқаддимот” асарида жиҳоднинг турларини тўрт қисмга ажратади: қалб, тил, қўл ва қилич билан курашишдир. Умумий қилиб айтсак, жиҳод нафсга, шайтонга, босқинчиликка ва барча ёвузликларга қарши курашишдир.

Макка даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг: “(Эй Мухаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл сураси 125 оят) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар. Сўнгра Макка мушрикларидан қасос олиш ниятида улар билан жанг қилишга рухсат берилди. Аммо босқичма-босқич нозил бўлган илоҳий кўрсатмалар эди. Зеро, ўша пайтда мусулмонларга қарши бўлган Макка мушриклари Ислом динини йўқ қилиш, барпо этган жамиятларни эътироф этмай, уларни тор-мор қилиш мақсадида амалий харакатларни олиб бораётган эди.

Агар “жиҳод” “Ислом давлати”ни қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллохнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Яъни, У зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан уруш олиб борар, Ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилар эдилар. Бироқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар.

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида янги “жиҳод” турларини ўйлаб топиб, улардан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод-муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишади. Бунга дунёнинг турли чеккаларида “жиход” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик харакатлари мисол бўла олади. Ушбу ҳаракатлар эса соф Ислом динига зид ишлардан биридир.

Ислом дини одамларни яхшилик, савобли ишларни қилишга, ўзгаларнинг қонини тўкиш эмас, аксинча уларга ёрдам беришга, манзилларни вайрон эмас, обод қилишга ундайди. Ислом тинчлик ва эзгулик динидир.

Шахрихон туман

“Назармахрам” жоме масжиди

имом хатиби Фарходбек Кодиров