Чин мусулмон меҳнаткаш одамдир, дейилади. Чунки Аллоҳ таолонинг амри меҳнат қилишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амри меҳнат қилишга ундаш бўлган. Барча олимлар ўзларининг меҳнатлари билан бизга ўрнак бўлганлар.
Бир куни ўргимчак ипак қуртига бундай деди:
– Биродарим ипак қурти, озгина пилла ўраш учун неча кун тинмайсан. Мен бўлсам, бир деворни бир неча соатда ўраб ташлайман. Ипак қурти унга:
– Тўғри, ўргимчак қардош, сен қисқа вақтда ишни битира оласан, аммо, қилган ишингни бировга фойдаси тегмайди. Вақтинг зоя кетади, вақт қадрини биласанми ўзи? Мен секин, шошилмай ишлайман, аммо, толамдан ажиб, гўзал, бетимсол матолар тўқилади, тасаввур қила олмайсан. Ипагим ажойиб ишларга қодир. Инсонлар менинг маҳсулимдан кўп фойдалар кўрадилар. Оз иш қиламан, аммо ишимни пуҳта ва тоза қиламан. Ўз санъатимни яхши ишлата биламан. Чунки ишини яхши бажарган, санъатини яхши қўллаганларни Аллоҳ севади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам севади ҳамда инсонлар ҳам жуда севадилар, дуо қиладилар. Мана шунинг учун ҳам мен ишимни, вазифамни яхши бажаравераман. Вақтимни бекор кетказмайман, деб жавоб берибди.
Демак меҳнат ипак қуртиники улуғликка кўтаряпти экан, яхши меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслигига ишора қилиняпти. Шунинг учун биз яхши яшашимиз учун яхши меҳнат қилишимиз зарур экан. Илм ҳам меҳнат билан ўрганилади. Энг буюк ишлар меҳнат орқали амалга оширилади.
Жаъфар ибн Муҳаммад оталаридан ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорга чиқиб, оила аҳллари учун керакли нарсаларни сотиб олдилар. Бу қилган ишини сабабини сўрашганида: “Менга Жаброил (алайҳиссалом), одамларнинг қўлига қараб қолмаслиги учун аҳли оиласи йўлида ҳаракат қилган кишининг Аллоҳ йўлида эканини хабарини берди”, деб жавоб қилдилар.
Демак меҳнат қилган мусулмон ҳам ўзига, ҳам оиласига, ҳам миллатига, Ватанига, ҳам бола-чақасига нисбатан хайрли, фойдали бир инсон бўлар экан.
Бу эса, албатта, яхши меҳнат қилиш билан амалга ошади. Аллоҳ барчаларимизни меҳнат билан бахту-саодатга эришган бандаларидан бўлишимизни насиб айласин.
Искандар домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом-хатиби.