Диний экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.

Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир.

Диний-экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган.

Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам диний экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Диний экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.

“Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар.

Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”.

Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”.

Ҳозирда дунёда кўплаб экстремистик ва террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, афсуски, уларнинг муайян қисми ислом дини ниқоби остида фаолият юритади.
Шундай фирқалар тузоғидан эхтиёт бўлайлик, айниқса ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан асраш барчамизни бурчимиздир.


Исроилжон домла Мадумаров,
Олтинкўл тумани «Мухаммадрахим хожи»
жоме масжиди имом-хатиби