Ислом ва иймон нури юртимизга балқ урган асрлардан бошлаб юртимиз истиқлолга эришган йилларгача Ислом дини уламолари, шариат ва тариқат Устозлари юртимизга гўзал исломий ахлоқ, ҳурмат ва одобларни таълим бериб келишди. Уларнинг буюк хизматлари туфайли бизнинг ўлкаларда мусулмон инсонлар истиқомат қилмоқдалар.

Минг афсуслар бўлсинки, мустақиллик неъматининг сояси остида камида минг йилдан бери аждодларимиз ибодат қилиб келаётган ҳанафий мазҳабимизга ёт ва тескари бўлган, мазҳабни тан олмайдиган оқимлар юртимизда пайдо бўлиб, ўзларини бузуқ ғоясига кўпларни даъват қилиб, бир оила аъзоларни бир-бирига тескари қилишди, фарзандни отага, укани акага, қўшнини қўшнига, фуқароларни Ватанга, ҳатто бир масжид қавмини бошқа масжид қавмига қарши қилишга ҳаракат қилдилар ва кўп инсонларнинг ёстиғини қуритишга сабаб бўлдилар. Уларга эргашган ёшларимиз Сурия, Ироқ каби бегона юртларда илмсизлиги туфайли “Аллоҳни розилигини топаман” деб алдовлар таъсирида кафансиз, қабрсиз бекордан ўлиб кетишди. Хунук хотима топишди. Аёллари бева ва фарзандлари етим қолдилар. Улар   гўёки “Динга ва исломга хизмат қилаяпмиз”, деган алдовларга ишониб, ислом динига нисбатан нафрат – қўрқув уйғотиб  Қуръонни хор қилганлари сабабли ва мазҳаб бошимиз Имоми Аъзам розияллоҳу анҳуга беодоблик  қилганлар сабабли Аллоҳ уларни ҳор қилди ва юртимизни уларнинг фитнасидан озод қилди.

Ҳозирги кунларда интернет ижтимоий тармоқлари орқали соф Ислом динимиз ақидаларини бузиб, тўғри йўлдан адаштириш учун кенг кўламда тарғибот ишлари кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Ота-оналаримиз, бутун жамоатчилик ҳушёрликни ошириб, фарзандларимизни бузгунчи ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари учун чет-эл, хорижий мамлакатлари тамонидан интернет орқали берилаётган  ҳар қандай диний мавзудаги ахборот ва диний насиҳатлардан фарзандларимизни эҳтиёт қилайлик.   

Айниқса масжид имом-хатибларининг маслаҳат ва кўрсатмаларига қулоқ солмай ўзбошимчалик билан хорижий давлатларга диний таълим олиш учун қайсидир йўллар билан фарзандларини ўқишга юбораётганлар огоҳ бўлинг, эртага кеч бўлиши мумкин.     

Масжид имом-хатибларидан бемаслаҳат фарзандингизни хорижга диний таълим олиш учун жўнатмасликни маслаҳат берамиз. Ўзимизда соф диний илм олиш учун ҳамма шароит ва имкониятлар яратилган ва бу йўлда яна ишлар  жадаллик билан давом эттирилаяпти.

Бу хайрли ишларимизда Аллоҳнинг Ўзи бизларга мададкор бўлсин. Бизларга одоб ахлоқни, ихлос ва Ислом муҳаббатини таълим берган устозларимизга, юртимиз уламоларига минг ташуккурлар бўлсин деймиз. Ўтганларини руҳларини шод, ҳаётларини Аллоҳ соғ саломат қилсин.

Искандарбек домла  Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби.