Муқаддас Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни ибодатга чорлаб, солиҳ амаллар қилишга буюрар экан, ўз навбатида ана шу амалларимизнинг савобларидан ўтганларнинг рухларига ҳадя қилиш ҳам мумкин эканлигини таълим беради. Зеро, вафот этган мўмин-мусулмонларни хотирлаб, уларнинг ҳақига дуои истиғфор айтиш тирикларнинг бурчидир. Қуръони каримда: « Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “ Эй, Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан! » -деб мархамат қилган( Хашр сураси-10 ояти). Ушбу оят вафот этган кишиларни хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканлигига далолатдир. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг 9 май-“Хотира ва Қадрлаш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Зеро ўтмиш аждодларни хотирлаш ҳаммамизнинг бурчимиздир.Аллоҳ таоло Қуръони каримда Исро сураси 70-оятида шундай марҳамат қилади: Яъни: «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…» Демак, инсоннинг қадри шунчалик юксакки, у тириклик даврида ҳам, вафот этгандан кейин ҳам бирдек ҳурматга лойиқдир.
Бу кун нафақат элимиз, юртимиз келажаги йўлида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки халқ фаровонлиги учун фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизга ҳам чексиз иззат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. Шунингдек, она-Ватанимизнинг тараққиётига муносиб улушлар қўшган барча фахрийларимизни эъзозлаш, қадрлаш байрамидир. Инсон ўтмиш аждодларини хотирлаш билан қандай халқ вакили эканини яна бир дилдан хис қилади. У бу дунёни тарк этиб, дорулбақога рихлат этган қавму қариндош, ёру биродарларини эслар экан, ҳаёт ўткинчилигини бу оламда ҳеч ким абадий қолмаслигини янада равшанроқ англаб етади.
Пайғамбаримиз алайҳис салом “Бу дунёдан ўтган биродарларингизни яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар!”-деганлар. Шундай экан ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб бизларга қолдириб кетган бой маданий-маърифий меросларини ўрганиб хаётимизга татбиқ этишимиз керак.
Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов
Олтинкўл туман бош имом хатиби