— Чунки оила қўрғонимиздир. Ундаги кишилар эса энг яқинларимиздир. Мусулмон одам ўзини ҳам, яқинларини ҳам азобга йўлиқишини истамайди;

“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар.”
(Таҳрим 6)

— Оила сакинат — хотиржамлик, меҳ-муҳаббат ва фароғат масканидир.
Унинг ғурбатга айланишини истамаймиз;

“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир”. (Рум 21)

— Оила оъзоларимиздан фақат яхшиликларни кўришни истаймиз;

“Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир.” (Фурқон 74)

— Оила биз учун неъмат. Неъматнинг давомийлиги ва баракаси шукрга, заволи эса нонкўрликка боғлиқ. Шукр неъматнинг ҳаққини адо қилиш демакдир;

“Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг.” (Иброҳим 7)

— Оила — биз ундан масъул бўлган гўша;

“Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагилардан сўралади. ..Эр киши раҳбар ва у оиласидан сўралади.”
(Муттафақун алайҳ)

Отабек домла Хусанов

Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом хатиби