Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
«Ассалому алайкум», деди.
У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўнта», дедилар.
Кейин бошқа бири келиб:
«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», деди.
У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди.
Сўнгра у зот:
«Йигирмата», дедилар.
Кейин бошқа бири келиб:
«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу», деди.
У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди.
Сўнгра у зот:
«Ўттизта», дедилар».

Шарҳ: Бундан саломни тўлиқ айтган ва аликнинг тўлиқ қайтарган кишилар савобни тўлиқ олиши келиб чиқади. Ким салом беришдан тўлиқ савоб олишни истаса, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу» деб тўлиқ салом берсин.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир», дедилар».
Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга амал қилароқ кишиларга аввал салом беришга одатланмоқ лозим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳаммадан олдин салом берар эдилар. Саҳобаи киромлар пойлаб туриб ҳам у зотдан аввал салом беришга улгурмай қолар эдилар.

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан

Отабек домла Хусанов

Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом хатиби