Яратган Парвардигорга шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч, ҳаётимиз осуда. Дастурхонлар тўкин-сочин, бозорлар мева ва сабзавотларга тўла. Инсонларнинг қалбларида Аллоҳ таоло инъом этган буюк неъмат – хотиржамлик ҳукмрон. Ер юзининг кўп минтақаларида нотинчлик ва беҳуда қон тўкишлар бўлиб турганда бизлар шундай азиз Ватанда шундай фаровон турмуш кечираётганимиз учун қанча шукрона қилсак кам.

Ўша тинчлик, хотиржамликнинг бардавом бўлиши учун унинг қадрига етиш, юртимиз тинчлиги учун қўлдан келганча ҳисса қўшмоқлик ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиз эрур.

Хусусан бугунги кунда, кўплаб мамлакатларда содир бўлаётган фитналардан огоҳ бўлиш ва айниқса ёшларимиз фитналар гирдобига тушиб қолмасликлари учун доимо ҳушёр бўлишимиз лозим. Бунинг учун фитнанинг нима эканлигини яхши билишимиз керак

“Фитна” араб тили луғатида «синов, имтиҳон» маъносида келади. Араблар одатда маъданни ўтга солиб синаб кўришни «фитна» дейишади. Истилоҳда эса кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қурон каримда фитнанинг нақадар оғирлигини айтган:

وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ

Яъни: “Фитна қатл этишдан ёмонроқдир”.(Бақара. 191)

Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Ибн Зубайр фитнаси пайтида икки киши Ибн Умар олдига келиб:

“Одамлар нима ишлар қилишяпти, сиз бўлсангиз Пайғамбаримизнинг яқин саҳобалари бўлатуриб индамай ўтирибсиз, уларга қарши курашишингизга нима монеълик қилади?” дейишди. Ибн Умар:

“Аллоҳ таоло ўз биродарларим қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади”, дедилар. Боягилар:

“Ахир, Аллоҳ таоло: “Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар” демаганмиди?!” дейишди. Ибн Умар:

“Биз фитна қолмагунича ва Аллоҳ таоло дини қоим бўлгунича урушдик. Нима, энди сизлар яна фитна содир бўлиб, Аллоҳ таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқу-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда.

Ана шундай хатарли ҳолатлардан омон бўлиш учун ҳар томонлама ҳушёр бўлишимиз даркор. Уларнинг фитналарига эргашганлар қандай оқибатларга бориб қолаётганини яхши англаб, ота-боболаримиздан қолган, аҳли сунна вал жамоага асосланган одамийлик йўлларини маҳкам тутган инсон иншоаллоҳ, тўғри йўлдан адашмагай.

Муҳаммадсобир домла Иминов,
Асака туманидаги “Ҳазрат Умар”
масжиди имом-хатиби