Нафс инсоннинг кўзга кўринмас, лекин амрига эргашса дунё ва охиратини хароб қилгувчи бир умрлик душманидир. Нафсини танимаган инсон Тангрисини ҳам танимаслигини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга эслатиб кетганлар.

Нафсимиз бизларни Аллоҳнинг амрига хилоф қилишга тинмай буюради. Кимнинг устидан нафси ғолиб келса, дунё хароботларига чўкиб кетур. Шунинг учун нафсга хилоф қилиб фарзларни адо қилсак ва ҳаром ишлардан тийилсак, иншооллоҳ, зафар топажакмиз.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ таоло ман қилган ишларни тарк қилган одамдир” деганлар.

Абу Ҳомид Ғаззолий айтади:

“Эй инсон, билиб қўйки, доим ёмонликни хоҳлаб турадиган нафс сенга шайтондан ҳам душманроқдир. Шайтон нафсингнинг ҳою-ҳаваси билан бўйнингга миниб олиб, сени Аллоҳнинг йўлидан чиқариши мумкин. Нафсинг эса сени беҳуда амаллар ва қуруқ хаёллар билан алдаб қўюр!

Чунки нафс табиатан тинчлик-осудаликни, лоқайдлик, ғафлат ва бепарволикни ёқтиради ва умрни танбаллик билан ўтказишни истайди. У доимо беҳуда ва ботил(бузуқ) нарсаларга  ўралашади.  Беҳуда  кибрга  берилади.  Агар  нафсингдан  мамнун  бўлиб,  унинг хоҳишларига юрсанг, манзилинг фалокатдир, ўлимдир. Янглиш ҳисоблар ва хом хаёлларингдан хабардор бўлмасанг, охири чўкишинг муқаррардир. Агар, НАФСга«тўхта!» дейишга ожизлик қилсанг,у сени ёнғинга олиб боради. У ҳолда асло яхшиликка қайтиш умиди йўқдир. НАФС балоларнинг боши, разолатларнинг манбаидир. Шайтон учун гуноҳ хазинаси бўлган НАФСни яхши кўрган одам ЯРАТГАНни таний олмайди.

            Ҳадиси Қудсийда айтилади:

            “Эй Одам фарзанди! Жаннатга фақат Менинг буюклигимга тавозеъ қилганлар, кунини зикр билан ўтказганлар, фақат Мен учун нафсини шаҳватлардан тийганлар киради”.

            Яна айтилади:

“Эй Одам фарзанди! Мен ато этган тинчлигу саломатлик туфайли тоатимга тоқатли бўлдинг. Тавфиғим  туфайли  фарзларимни  адо  қилдинг.  Берган  ризқим  билан  Менга  итоатсизлик қилишга  куч  топдинг.  Хоҳишим  туфайли  хоҳлаган  нарсангни  хоҳладинг.  Иродам  туфайли нафсинг нени истаса, истадинг. Неъматим туфайли турдинг, ўтирдинг, қайтдинг. Ҳимоятим билан кунни боттириб, тонгни оттирдинг. Фазлим билан маишат кечириб, неъматим билан тўкис яшадинг. Офиятим билан безандинг. Кейин Мени унутиб, ўзгани зикр қилдинг. Нега ҳаққимни ва шукримни адо қилмаяпсан?!”

Абу  Яъло  Шаддод  ибн  Авсдан ривоят  қилади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ақлли  киши  нафсини  ҳисоб-китоб  қилиб  ўлганидан кейин  фойда  берадиган  нарсага  амал  қилган  кишидир.  Ожиз  киши ҳавою-нафсига  эргашиб,  Аллоҳдан  тавбани  умид  қилган  кишидир”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

            Яҳё ибн Муъоз раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар:

“Илм – амалнинг далили. Фаҳм – илмнинг макони. Ақл – яхшиликка етакловчи. Ҳавойи-нафс – гуноҳлар маркаби”

Илоҳим, ақлимизни нафсимиз устидан ғолиб қилиб нажот топгувчи бандаларидан қилсин.

Шаҳобиддин доила Парпиев,

Асака туман бош имом-хатиби