Бугунги кунда бизларнинг эртамиз бўлмиш ёшларнинг тарбияси, уларнинг соғлом эътиқоди ва дунёқараши ҳақида қайғуришлик ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг масъулиятли вазифаларимиздан бири бўлиб турибди.Уларни турли бузғунчи ғоя ва оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун далил ва ҳужжатлар билан маърифий тарбия асносида огоҳлантириб туришимиз керак. Чунки биз улар учун келажак авлод олдида ҳам Яратган Парвардигор олдида ҳам жавобгармиз.

Ёшлар тарбиясига муҳтарам Юртбошимиз ҳам алоҳида эътибор бериб:

“Бугунги кунда ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун энг асосий масала бўлиб турибди” деган. (Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан)

Кейинги йилларда диёримизда пайдо бўлган турли оқимларга мансуб кишилар ўзларича ҳар турли юртлардаги йўлларга интилиб, улардан ибрат олганию, аммо инсоф юзасидан ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган ҳидоят йўли ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганликлари бизларни бепарво қолдирмаслиги керак.

Ёшларга ҳар хил оқимларнинг охири қанчалик ёмон оқибатга олиб келиши ҳақида маърифат ва далиллар билан тушунчалар бериш лозим. Зеро жаҳолатга қарши маърифатдан кўра зарурроқ чора бўлмас.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ муснадларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўли билан бир чизиқни чиздилар ва: 

”Бу – Аллоҳнинг тўғри йўли”, – дедилар. Чизиқнинг ўнг ва чап томонидан яна (чизиқларчизиб): “Бу йўллар шундай йўлларки, ҳар бирида шу йўлларга чорлагувчи шайтон туради”, дедилар. Сўнг: 

“Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдурки,унга эргашинг ва (турли бошқа) йўлларга эргашмангки,сизларни Унинг йўлидан бўлиб юборур” оятини ўқидилар.

 Ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисда марҳамат қилишларича йўлнинг бошида бир чорлагувчи: 

“Эй инсонлар! Тўғри йўлга жам бўлиб киринглар ва бўлиниб кетманглар!” – деб туради. 

Бу чорлагувчи – Аллоҳнинг китоби. Қачонки инсон нотўғри йўл эшикларини очишни ирода қилса, йўлнинг тепасида яна бир чорлагувчи  

“Эй шўринг қургур, очма уни!” – деб туради. Бу чорлагувчи – ҳар бир мусулмоннинг қалбидаги Аллоҳнинг насиҳат қилгувчиси ( яъни илҳоми). (Имом Аҳмад, Термизий, Насаий ривояти)

. Сарвари олам саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳ умматимни залолатда жам қилмайди” деганларини билмайсанми?! Инсоф қил, шундай катта жамоадан қолма!

Аллоҳ таборака ва таоло “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилади – 

 “Аллоҳнинг арқонини жам бўлган ҳолда тутинглар ва бўлиниб кетманглар!”

 “Арқон”ни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурон деб тафсир қилганлар.

Юртбошимиз яна шундай дейди:

“Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб бошқа кўчаларга кириб кетаёган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Яъни, ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди. Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз, бунинг шукронасини қилиб, фарзандларимизни ҳам бундай неъматнинг қадрига етадиган инсонлар этиб тарбиялашимиз керак эмасми? Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф”.

Аллоҳим ҳаммаларимизни ҳидоятда барқарор қилсин. Ихтилоф ва залолатдан ҳамиша сақласин. Вассалому алайкум.

 

Шаҳобиддин домла Парпиев,

Асака туман бош имом хатиби