Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадиси шарифларида ота-оналарни ёш болаларга меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатиш, тўғри ақида ва соғлом тарбия асосида вояга етказишга ундаганлар: “Фарзандларингиздан шаръан буюрилган ишларни қилишни ва қайтарилган нарсалардан сақланишни талаб этинглар, шу ишларинг уларни дўзахдан сақлаганларинг бўлади” (Ибн Жарир ривояти).
Фарзанд Аллоҳ таолонинг одамга берган улуғ немати. Ҳар бир инсон фарзандли бўлар экан бу неьматни ато этган Аллоҳга беҳисоб шукроналар айтади. Ота-она бўлиш ҳар бир инсонга қанчалик бахтиёрлик олиб келса шунчалик масьулиятни ҳам юклайди Чунки фарзандини одобли яхши ахлоқли илимли ҳунарли инсонларнинг ва жамиятнинг бирор корига ярайдиган қилиб тарбиялаш ота-онадан улкан меҳнат ва машаққатни талаб қилади. Ҳадиси шарифда: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дея келтирилади.
(Тирмизий ривояти)
Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоғлиги керак. Чунки, ер юзида жамики инсоният ҳар неки ишни амалга оширмасин, унинг амалга ошираётган ишлари тарбия маҳсули ҳисобланади.
Фарзанд неьматини шукри унга яхши одоб, таьлим тарбия бериш билан адо этилади. Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса ўшандай ўсади. Унинг савобига ота-онаси ва устози шерик бўлади. Ёмонликка ўргатилса ҳам ўшандай ўсади. Унинг гуноҳига ота-онаси ва устози шерик бўлади. Ота-она боланинг кичиклигидан умрининг аввалги кунларидан эҳтиёткорлик билан кузатиб бориши керак бўлади. Қадимда бир киши фарзандли бўлганидан сўнг бир олимнинг олдига бориб боласига қандай тарбия бериш хусусида маслаҳатлашибди. Олим: Фарзандингиз қачон туғилди деб сўрабди.У киши эса фарзанди уч ойлик бўлганини айтибди. Шунда олим: уч ойга кеч қолибсиз деган экан. Ҳар қандай ишни эртага ёки индинга қўйиш мумкин бироқ тарбияни бир дақиқага ҳам қолдириб бўлмайди. Бизнинг келажагимиз бўлган фарзандларимиз тарбияси кундалик ҳаётимизда биринчи ўринда турмоғи лозим. Ҳаммамиз тирикчиликка ўрмалашиб фарзандларимизга беьэтибор бўлиб кетган эдик. Албатта ҳар биримиз бугун уйда қолган вақтимизда фарзандларимизни юксак маънавиятли, маърифатли ва баркамол қилиб тарбиялаш, жамиятда ўз ўрнини мустақил равишда топишга шарт – шароит яратиб беришга харакат қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия берилмаса, инсон тарбияли, одобли бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бола тарбияси соҳаси мутахассислари: «Боланинг тарбиясини туғилиши билан бошлаш керак», дейишади.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ёшлар тарбияси бутун миллат олдидаги улкан масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлаб: “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”, дея такидлайдилар.
Ёшлар тарбиясига эътибор, ўзимизнинг келажагимизга бўлган эътибор эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай харакат қилмоғимиз лозим.
Албатта, эртанги кунимиз, порлоқ келажагимиз ана шундай ёшлар қўлида экан бунга жиддий ёндашмоқ керак.
Шохимардон Орипов
Улуғнор тумани
“Овулмат” жоме масжиди
(в.б) имом хатиби