Биз синов давридамиз

424

Аллоҳ таоло ўзининг каломида бандаларини бир-бирларига яхшилик йўлида ҳамкор бўлишга чақириб:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” деган (Моида сураси,2-оят).

Ояти каримада кўриниб турибдики, мўминлар доимо бир-бирларига яхши ишларда ёрдам беришлари лозим. Айниқса, дунёдаги кўплаб давлатлар халқига таҳдид солиб турган синов даврида.

Хўш, нималарга риоя қилишимиз керак?
Биринчи навбатда, карантин қоидаларига қаттиқ риоя қилиш зарур, эътибор беринг, касалликка чалинаётганлар сони тобора ортмоқда. Давлат раҳбари томонидан карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, риоя қилмаганларга чора кўриш ҳақида қарор эълон қилинди. Кўзимизни очайлик, шундан кейин касалликка чалинувчилар сони кескин камайди. Айни вақтда касаллик аниқланганлар сони 500 дан ортди.

Ақлли, онгли одамлар безарурат кўчага чиқмай қўйдилар. Лекин минг афсуслар билан айтамизки, баъзилар кўчада ниқобсиз юрмоқда. Наҳотки инсон ўзининг соғлиги, оиласи ва фарзандлари соғлигига шунчалар бепарво бўлса? Буни қандай таърифлаш мумкин? Нодонликми ёки “чапаниликми?” Афсуски, бу вирус ҳимоясиз одамларга тез таъсир қилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида кечаси-ю кундузи тинмай тарғибот қилинмоқда.

Муҳтарам ҳамюртим, сиз кимлардан юқтириб олганингизни билмайсиз, ахир бу вирус кўзга кўринмайди-ку! Эҳтиёткорлик ҳамиша манфаат келтиради. Зарурат бўлмаса кўчага чиқманг! Белгиланган муддат сабр қилсак, бу дардни инша Аллоҳ енгамиз.

Оилангиз даврасида дуо қилинг, истиғфор айтинг, фарзандларингиз тарбияси билан шуғулланинг! Бу ҳам бир имконият!

Отабек Хусанов

Олтинкўл туман

“Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби