Аждодлардан бир ибрат…

1675

Шундай халқмизки, бизнинг шонли ва буюк тарихимиз бор. Қайси соҳани олманг хоҳ у диний бўлсин, хоҳ дунёвий уларнинг кўпига аждодларимиз асос солган ёки ривожига салмоқли ҳисса қўшганлар. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун баъзи мисолларни келтириб ўтамиз.

Кундалик ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб улгурган қўл телфонини олайлик. Уни дунёга келишида ўтган ота–боболаримизнинг каттагина ҳиссалари бор. Қандай қилиб, ахир, у пайтларда телефон бўмаган–ку  дейсизми? Ҳозирги замонавий техналогияларнинг ишлаш усулларига арифметика фани асос бўлиб ҳизмат қилади. Бу соҳада аждодларимиз тузиб кетган арифметик қонун – қоидаларга мурожаат этмасликнинг умуман иложи йўқ. Мана шу томондан қаралганда улар бизнинг аждодларимизнинг илмий салоҳияти ва меъросини тан олишлари керак. Чунки пойдевор бўлмаса бино қандай қурилади?! Ёки бошқа мисол. Бугун тиббиёт ва доришунослик тараққий этиб бораётган бўлсада – да унга назарий ва амалий жиҳатдан Ибн Сино бобомизнинг “Тиб қонунлари” китоби асос бўлиб келмоқда.

            Диний соҳани – ку айтмай қўяқолайлик. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғилоний, Имом Мотрудий, Имом Замахшарий (Аллоҳ уларнинг барчаларини Ўз раҳматига олган бўлсин) бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг қолдирган ўчмас илмий мероси дурдоналари дунё тургунча инсонларга хизмат қилади.

Ўтган аждодларимиз биргина диний илмни ўзига чекланиб қолмаганлар. Улар диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаганлар. Биргина мисол. Имом Бурҳониддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ат тажнис вал мазид” – “Ўхшаш ва зиёда қилинган масалалар” китобида бир ажойиб масала келтирилади.

194 – масала. Агар ит инсоннинг бирор аъзосини ёки кийимини ғазаб ҳолатида тишлаган бўлса уни ювиш вожиб бўлмайди. Ҳазиллашиб тишлаган ҳолатида эса (теккан жой ва кийимни) ювиш вожиб бўлади. Биринчи кўринишда ит фақат тиши билан тишлайди, бошқача бўлмайди. Иккинчи кўринишда эса тиши ва ҳўл лаблари билан бирга тишлайди.

Ўтган аждодларимизнинг илми ва заковатига бир қаранг! Ҳақиқатда уларнинг илми, маърифати, маънавияти жуда кучли бўлган. Масалага эътибор қаратинг. Қарангки, инсоннинг бирор аъзоси ёки кийимига теккан жойни нажосат қилувчи итнинг сўлаги унинг лабида бўларкан. Шунинг учун итнинг ҳазиллашиб тишлаган ҳолатида теккан жой ва кийимни ювиш вожиб бўлар экан. Чунки бу кўринишда тиш ва нажосат жойлашган лаблар иштирок этади. Ғазаб билан тишлаган ҳолатда эса лабларини орқага тортиб, тишларнинг ўзи иштирок этади. Бунда на кийим, на бадан нажас бўлмайди.

            Энди ўзингиз хулоса чиқаринг. Агар Марғилоний ҳазратлари зоология фанини ўрганмаган бўлганларида бундай нозик фарқни қаердан билган бўлардилар?!

            Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деганларидек баъзи бир ёшларнинг ўтган буюк аждодларимиз билан фахрланиб ўқишни, ўрганишни бир четга суриб, интернетга муккасидан кетиб, бор вақтини сарфлаб у билан “мароқли” ҳаёт кечираётганини кўриб таассуфда қоласан киши. Интернетдан яхши томонга фойдаланса қандай яхши. Ҳар хил ёт ғоялар йўғирилган ёки беҳаёликни тарғиб этувчи сайтлар қармоғига илиниб элга, юртга фойда етказиш ўрнига гулдек умрини мана шундай иллатларга сарфлаётгани ачинарли ҳол.

Ҳозирги ёшларга айтар сўзимиз: ўтган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлинг. Ўткинчи ҳойу – ҳавас эмас, илм – маърифат ортидан қувинг. Сизни ҳам шонли тарих кутмоқда. Ота – боболарингиз қолдириб кетган пешқадамлик таёқчасини ҳеч кимга берманг. Ўқинг, ўрганинг, кашфиётлар қилинг. Зеро, ҳақиқий бахт илм ўрганишдадир.

Равшанбек ЎРИНБОЕВ,

Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол”

 жоме масжиди имом – хатиби