Ҳалол ризқ

1306

Инсон ҳаёти фаровон бўлишининг шартларидан бири ҳалол касб билан шуғулланишдир. Барчамизга яхши маълумки, Ислом дини дангасалик, танбаллик ва боқимандаликни қоралайди. Ҳалол касб қилишга тарғиб этиб, кишининг шахсига, оиласига ва жамиятга фойда келтирувчи касб-ҳунар, деҳқончилик билан шуғулланишга, ижодкорлик қилиб, фан-техника соҳасида пешқадам бўлиб, башариятнинг ривожига ҳисса қўшишга чорлайди.

Касб қилишдан мурод ризқ талаб қилишликдир. Ризқ топишга ҳаракатқилган одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ даромад топишни хоҳлайди.
Ризк тўғрисида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, қачонки, намоз (жума намози) адо қилингач, ер юзи бўйлаб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) нажот топсангиз» (Жумъа,10).

Ризқ талаб қилиш йўлида турли ҳолатларга дучор келинади. Баъзан кўпроқ даромад илинжида ҳаром йўлларни танлашга, бировларнинг ҳақига тажовуз қилишга тўғри келиб қолиши мумкин. Ҳолбуки муқаддас динимиз таълимотларида шаръан ҳаром бўлган эгри йўллар билан дунё орттириш ман этилади.

Ҳаром пул топиш йўлига кирганлар бир муддат мақсадига етиши мумкин, бироқ ундай инсонларга ҳаловат бегона бўлиб қолади. Охиратда қаттиқ азобларга дучор бўлади. Ҳалол меҳнат соҳиблари эса, топганидан барака кўради. Хотиржамликда ҳаёт кечиради.

Ҳомид Лифофий айтади: “Биз тўрт нарсани тўрт жойдан изладик. Аммо йўлда хато қилдик ва уларни бошқа тўрт жойдан топдик:

– бойликни мол-дунёдан изладик, қаноатдан топдик;

– роҳатни мўл-кўлчиликдан изладик, озгина молдан топдик;

– лаззатни неъматдан изладик, саломатликдан топдик;

– ризқни ердан изладик, осмондан топдик”.

Муҳаммадсобир Иминов,

Ҳазрат Умар масжиди имом- хатиби (Асака).

Манба:

muslim.uz