ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ ИНСОНИЙ БУРЧИМИЗДИР

1190

“Ўтганлар хотирасини ўз ёдида сақлаб, эъзозлаб яшаш халқимиз учун энг муқаддас фазилат бўлиб келган. Бундай одат миллий қадриятимизга айланиб қон-қонимиз, суяк-суягимизга сингиб кетган. Ушбу қадрият халқимизнинг ўзига хос, бошқалардан ажралиб турадиган ноёб фазилатдир”

Ислом Каримов

1999 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 9 майни хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисидаги Фармони эълон қилинди. Мазкур фармонда Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини назарда тутган ҳолда, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида  9 Май Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилинди. Хотира ва Қадрлаш кунининг умумхалқ байрами сифатида, кенг нишонланишини таъминлаш барча давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг, идора ва корхоналарнинг, биринчи галдаги вазифаси, барча Ўзбекистон фуқароларининг ор-номус, виждон иши ва анъанавий бурчи деб белгилаб қўйилди. Фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, бор куч-қувватини аямаган бирор бир фахрий, бирор бир киши унутилмаслиги, уларнинг ҳар бирига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши шартлиги қонун даражасида белгилаб берилди.

Мазкур фармон юртимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги қадам бўлди. Зеро, ўтганларни эслаш, уларга истиғфор айтиш қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй, Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалблармизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”.

Муқаддас динимиз таълимотларида ўтганларни хотирлашга алоҳида эътибор берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, дея марҳамат қилганлар. Бу ҳадиси шариф ўтган инсонларни хотирлаш нақадар муҳим бир амал экани ҳақида хабар бермоқда. Ватандошимиз Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрларни зиёрат  қилишдан  қайтарган  эдим.  Кейин  менга  маълум  бўлди  (яъни  Аллоҳ томонидан  буюрилди).  Энди  қабрларни  зиёрат  қилаверинглар.  Чунки  у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади”.

Мустақиллик шарофати билан ўзларининг илм-фанга қўшган ҳиссалари билан бутун дунёга устоз бўлмиш аллома аждодларимизнинг қабрлари, қадамжолари зиёратгоҳга айлантирилди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Баҳоуддин Нақшбанд каби зотларнинг зиёратларига бутун дунёдан зиёратчилар ташриф буюрмоқдалар. Улар бу муборак заминга бежизга келмайдилар, албатта. Номлари зикр қилинган улуғ аждодларимиз илму-фанга шу қадар улкан ҳисса қўшганларки, хатто, уларнинг маърифати самарасини бутун дунё инсонлари баҳраманд бўлганлар ва бўлмоқдалар. Аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар ўсиб келаётган ёш авлоднинг келажакда аждодлари каби илмли, маърифатли, юксак маънавият соҳиблари бўлиб тарбия топишларида муҳим аҳамиятга эга. Бу ишлар юртимизни ҳар тарафлама тараққий этишини омили бўляпти десак, янглишмаймиз.

Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз ташаббуслари билан 2000 йил Тошкентнинг Бўзсув соҳилида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Мажмуа таркибида “Қатағон қурбонлари музейи” ташкил этилди. Мазкур зиёратгоҳда ўзбек миллатининг илғор вакиллари, бегуноҳ ватандошларимиз ҳоклари мавжуд. Ўтмишини унутмаган элнинг келажаги порлоқ бўлади. Бу каби зиёратгоҳларга ёшларимизни жалб қилишликдан кўзда тутилган мақсад биз яшаётган озод ва обод Ватан ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган эмас, балки, бу фаровон ҳаёт учун минглаб юртдошларимиз жонфидо қилганликларини ёшлар кўз ўнгида гавдалантириш ҳамда юртимизнинг фидоий ўғлонларига муносиб ворис қилиб тарбиялашдан иборатдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги бир қабристондаги икки қабрга хурмо шохини иккига бўлиб суқиб қўйганларини сабабини “модомики мазкур шохлар токи қуриб қолгунларича қабр эгаларига енгиллик бўлади” деб айтадилар. Қабристонларга дарахтлар ва гуллар экишлик қабрдаги инсонларга манфаат бўлишини юқоридаги ҳадисдан билиб олдик.

Маълумки, инсон қадри юксак ва баланддир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…”

Ушбу ояти каримага биноан инсон зоти Аллоҳ таолонинг яратган махлуқотлари ичида энг азиз ва мукаррами экани таъкидланмоқда. Шундай экан унинг ёши ҳам, қариси ҳам, эркаги ҳам, аёли ҳам бирдек қадрга эгадир. Ислом дини инсон қадрини унинг ҳаётлиги ва ҳаётдан кўз юмганидан сўнг ҳам юқори даражага кўтаради. Яъни, инсон тириклигида қанчалик қадрга муносиб бўлса ўтганидан кейин ушбу қадр миқдори ўзгариб қолмайди. Мусулмонни мусулмондаги ҳаққи кўрганда салом беришликдир. Шу каби қабристонга кирувчи инсон ҳам қабр аҳлларига салом бермоқлари ҳадиси шарифларда баён қилинган.

Ҳар бир ўзлигини билган фарзандлар ота-оналари тириклик чоғларида уларни ҳурмат қилишлари ва уларга хизмат қилмоқлари шариатимиз кўрсатмаси ҳисобланади. Бу дунёни тарк қилганларидан кейин қабрларини зиёрат қилинаётганда руҳларига Қуръон карим тиловат қилишлик мазҳабимиздаги мустаҳаб амалдир. Шунингдек, савобли амалларни қилиб савобларини ўтганлар руҳига бағишлаш ҳам фазилатли амаллардан бўлиб, ривоят қилинишича, бир йигит Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, онасининг вафот этганини айтиб “Нима қилсам онамнинг руҳини шод этган бўламан?”,деб сўрайди. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қудуқ қазиб сув чиқар”– дедилар. Шундан сўнг йигит қудуқ қазиб сув чиқарди ва “бунинг савобини онамга бағишладим”– деди. Ушбу ҳадиси шарифнинг ибратли жиҳати яна шундаки, ўтганлар руҳини шод қилишлик учун инсонларнинг энг эҳтиёжи тушаётган нарсага эътибор қаратилса савоб даражаси ҳам шу қадар ортиб бораверади.

Ўтмишда яшаб ўтган донишмандлар: “Ҳар қандай халқнинг олийжаноблигини одамларининг саломлашиш одобидан, касб-ҳунаридан ва қабристонларини қандай аҳволда тутишларидан билиш мумкин”, деганлар. Шукрлар бўлсинки, юртимизда қабристонларни обод этиш масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият бериб келинмоқда. Дарҳақиқат, қабристон тирикларни ҳушёр торттирадиган, оқил инсонни босиб ўтган ҳаёт йўлига фикран назар ташлашга, билиб-билмай йўл қўйган хатоларига тавба қилишга ундайдиган маскандир. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “кимики жума куни ёки ҳайит куни ота-онасини қабрини зиёрат қилса Аллоҳ таоло ота-онасининг ва зиёрат қилувчининг гуноҳларини мағфират қилади”. 

Инсон қадри ҳақида сўз борар экан, ўтганларни хотирлаш баробарида ҳаётда яшаётган инсонлар, айниқса, бизларни бугунги кунда бахт ва саодатда яшашимизга бутун борлиқлари билан ҳисса қўшган табаррук ёшдаги ота-оналаримиз, кексаларимизни қадрлашимиз, ҳурматларини ўрнига қўйишимиз керак бўлади. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталарнинг шарафини билмаган киши биздан эмасдир”, деб марҳамат қилганлар. Истиқлолнинг илк кунлариданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Буларнинг барчаси юртимизнинг азиз дуогўйларига бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуолари, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақлоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай келар эди”

Кексаларни ҳурматлаш фарзандлик бурчи бўлиши билан бир қаторда фарзандларнинг ота-оналари ёшларига етган чоғларида ўз фарзандларидан ҳам айнан ҳурматга сазовор бўлишнинг гарови ҳамдир. Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз сизларга ҳам яхшилик қилишади”, дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни Ўзининг ҳифзу-ҳимоясида сақласин. Халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида қилаётган дуоларини ижобат айласин. Хотирлаш ва қадрлаш борасида олиб борилаётган ишларимизга ривож берсин.

Андижон шаҳар

“Шаҳидтепа” жомеъ масжиди

имом-хатиби Шамсиддинов Исомиддин