Китобимизнинг бу қисмида “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳининг омма мусулмонлар эътирозига сабаб бўлган диний ва сиёсий қарашлари, уларнинг асослари ва уларга нисбатан Аҳли сунна вал жамоа олимларининг муносабатлари ҳақида сўз юритамиз. Баҳсимиз бўш бўлмаслиги ва туҳмат кўринишини олмаслиги учун “фалончининг айтишича” каби қуруқ гаплардан йироқ бўлиб, “Ҳизбут-таҳрир” тўғрисидаги сўзларимизни уларнинг ўзларига тегишли китоблардан олинган иқтибослар билан мустаҳкамлаймиз.
Авваламбор, мавзуга киришиш олдидан бугунги кунда Аҳли сунна вал жамоа олимларини ҳамда кўпчилик оддий мусулмонларни ташвишга солаётган “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳига қўйилмиш асосий айблардан бир нечтасини келтириб ўтамиз:
“Ҳизбут-таҳрир” ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид равишда фикр юритиб, содда ва илмсиз мусулмонларни адаштиради.
“Ҳизбут-таҳрир” ўз ақидасида асосан ислом тарихида адашган фирқалар дея танилмиш “мўтазила” ва “қадария” тоифаларининг фосид қоидалари ва фикрларига таянади.
“Ҳизбут-таҳрир” гуруҳи аъзолари ўз раҳбарияти тўғрисида фақат “ҳусни зонн”, яъни чиройли гумон қилаверишлари оқибатида – уларни хатодан маъсумлик даражасига чиқариб қўядилар. Уларга бўлган ҳурматни “шахсга сиғиниш” даражасига кўтарадилар.
“Ҳизбут-таҳрир” уламолари Қуръон ва суннатни ўз хато ақидаларига мувофиқлаштиришни истайдилар. Бошқача тушунтирсак, улар Қуръони карим ва Саҳиҳ суннат йўлига юриш ўрнига, Қуръони карим билан Саҳиҳ суннатни ўзларининг йўлларига, мазҳабларига юргазишни хоҳлайдилар.
Улар Қуръон оятлари тафсирида ҳамда ҳадислар шарҳида шундай ғайриоддий таъвилот ва мулоҳазалар келтирадиларки, аслида, айни матнларнинг муроди тамоман бошқа нарса бўлиб, гоҳида ҳатто булар айтганининг акси назарда тутилган бўлади.
“Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минглаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинлардан ва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар.
Умуман олганда, биз фақат айрим нарсаларнигина зикр қилдик, холос. Шуни алоҳида таъкидлаймизки, агар уларнинг кўплаб содда мусулмонларни йўлдан уриш ва адаштиришда фаол “хизматлари” бўлмаганида эди, улар ҳақида ёзиб ёхуд гапириб вақтимизни ҳам зое қилмаган бўлардик.
Манбаалар асосида
Шаҳрихон тумани “Қора-кўрпа”
масжиди имом-хатиби Б.Якубов