Азиз муштарий бу рукнда иншааллоҳ эътиборингизга «Ҳизбут-таҳрир» фитнасидан огоҳлантириш номли китобда намуналар келтириб борамиз. Мақсадимиз соф Ислом динини тушунчаларини халқимизга етказиб бериш, ўзларининг ғаразли мақсадларини дин ниқоби остида тарқатмоқчи бўлган кимсалар йўлига кириб қолмаслик ва ёшларимизни ҳам огоҳлантиришлик учун манфаатли илм таҳсил қилишдир. 

МУҚАДДМА

Аллоҳ таолога ҳамду сано айтамиз ва фақат Уни мақтаймиз, Ундангина мадад тилаймиз, гу­ноҳларимизни мағфират этишини, нафсимиз бузуқликларидан ва амалларимиз ёмонликларидан паноҳига олишини ўтинамиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят этса, ҳеч ким уни адаш­тира олмас. У адаштирганни эса, ҳеч ким ҳидоят этолмас. Гувоҳлик берамизки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз, шериксиз Зотдир. Гувоҳлик берамизки, Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг бандаси ва расулидир. У зотга, аҳли оила­ларига, асҳобларига ва уларга гўзал амаллар билан қиёматга қадар эргашган барча мўминларга Аллоҳнинг кўпдан-кўп салоту саломи бўлсин!

Аммо баъд…

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдин­дан огоҳ этганларидек, ислом уммати кўпгина оқимларга бўлиниб кетганини аянчли воқелигимиз тасдиқламоқда. Диний саводи йўқ оддий мусулмон­ларни-ку тушунса бўлади, энг ачинарлиси, баъзи илм эгалари ҳам ихтилофли масалаларда Қуръони карим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннати мутаҳҳараларига мурожаат этмай қўйдилар. Натижада уммат ҳақли равишда турли мусибат ва фалокатлар гирдобида қолдики, уларнинг чинакам кўлами ва оқибатлари ёлғиз Аллоҳга аён.

Айни пайтда, мусулмон уммат аҳволини ўнглашни даъво қилувчи турли фирқалар пайдо бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзини энг холис ва энг тўғри жамоа эканини ҳамда Қуръон ва суннатга энг мувофиқ бўлгани сабабли ҳамма унга эргашмоғи лозимлигини, акс ҳолда нажот йўқлигини таъкидлаётир.

Улар қаршисида ҳайратда қотган мўмин киши эса қуйидаги саволларга жавоб излаб жони ҳалак:

Қуръон ва суннатда бу ихтилоф ва муаммолар ечими борми?

Қайси жамоанинг шу ечимлар тўғрисидаги баёни ҳақиқатга яқин?

Агар жамоалар адашган бўлса, хатолари нима­лардан иборат?

Мусулмонлар бугун кимга эргашмоқлари лозим?

Динига хизмат қилмоқчи бўлган мўмин нима қилиши керак?

Айни саволларга қониқарли ва холисона жавоб топиш бугунги кунда мусулмонлар учун, дарҳақиқат, энг муҳим ва долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Биз ҳам шу майдонда динига содиқ ва муҳаб­батли кишилар қатори, арзимас бўлса-да, холис хизматимизни тақдим этишни ўзимиз учун шараф деб билдик. Айни мавзуда диндош биродар­ларимизга етказмоқчи бўлган фикрларимиз талайгина. Фақат бунга илмий савиямиз кифоя қилмаслигидан чўчиб, шу кунгача уларни қоғозга туширишга журъат этмагандик.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган китоб ҳақида тўхталадиган бўлсак, унда, асосан, кўзга кўринган тоифалардан бири – “Ҳизбут-таҳрир” ва унинг хато тушунчалари тўғрисида сўз юритилди. Биз бу китобда фақат – назаримизда ойдинлик киритишга энг зарур бўлган – йирик ва муҳим мавзуларнигина ёритишга ҳаракат қилиб, иккиламчи масалаларга тўхтаб ўтирмадик. Хусусан, уларнинг оят-ҳадисни билиш ва тушунишдаги баъзи қусурлари, ибодат, ахлоқ, зикрлар борасидаги талай камчиликлари ҳамда дунёвий билим ва умумий дунёқарашдаги, гоҳида ўта кулгили нуқсонлари тўғрисида китобда деярли гапирилмади.

Бинобарин, “Ҳизбут-таҳрир” ҳақида ёзганла­римиз – улар тўғрисида айтишимиз мумкин бўлган фикрларнинг ҳаммаси эмас. Аслида, бу тоифанинг ҳар бир китобини алоҳида танқид қилиш, ҳар бир тойилиши тўғрисида батафсил тўхталиб, дақиқ хатоларигача баён қилиш мумкин.

Барчага маълумки, мураккаб жоҳиллик билан касалланган кимсалар одатда ўз жоҳиллигини тан олгиси келмайди. Бундайларга ҳақиқатни минг бор исбот қилсанг ҳам бефойда. Дониш­мандлар ҳам бундай “нусхалар”дан фақат қочиб қутулишни тавсия этадилар. Бизнинг-да бундай мутакаббир гумроҳларга таъсир этишдан умидимиз катта эмас.

Аммо илмсиз бўлса-да, лекин ўзининг билим даражасини яхши англайдиган, қилаётган хатосини холис ва тушунарли исботлаб берилган тақдирда гумроҳликда давом этавериш ғирт аҳмоқлик бўлишига ақл-фаросати етадиган, ҳақни танишдан қочмайдиган мухлис инсонлар ҳам йўқ эмас. Фақат улар бугунги тоифаларнинг бир-бирига тескари чақириқлари билан рўбарў қолганларида, қай бирига эргашишни билмай гангиб қоладилар.

Китоб кенг мусулмонлар оммасига мўлжалланган бўлса-да, ана шундай мухлис инсонлар ундан ўзлари учун бошқаларга қараганда кўпроқ фойда олажаклар деган умиддамиз.

Мақсадимиз Аҳли сунна вал жамоа олимларининг фикрларини сизларга етказишдир.

Энди китобда риоя этилган баъзи тартибларга эътиборингизни қаратмоқчимиз:

Қуръон ва ҳадис маъноларининг ўзбек тилидаги ифодаланиши қуйидаги тарзда берилди:

Қуръон оятлари маъносини қалин ҳарфларда берилди. Бунда асл арабий матнда мавжуд бўлмаган, лекин муфассир олимлар “шу назарда тутилган” деб айтган сўзларни зарурий ўринларда ингичка ётиқ ҳарфларда қавсларсиз берилди.

Ҳадислар маъносини қалин ётиқ ҳарфларда берилиб, унда ҳам асл арабий матнда бўлма­ган, лекин муҳаддис олимлар ўз шарҳларида “шу назарда тутилган” деб айтган сўзларни зарурий ўринларида ингичка ётиқ ҳарфларда қавсларсиз берилди.

Матнлар маъносини ўзбек тилида тушунишга ёрдам берадиган қўшимча сўзларни ва таржиманинг бошқа вариантларини (қавслар ичида) келтирилди.

Бошқа китоблардан олимларнинг сўз ва фикр­ларидан иқтибослар келтирилганда “иқтибос:” ва “иқтибос тугади” сўзлари орасида келтириб ўтилди. Қисқа иқтибослар одатда ингичка ётиқ ҳарфлар билан, катта иқтибослар эса – аслий китобда қандай келган бўлса, шундайлигича берилди.

Бирон иқтибос орасида ё унинг ортидан ўзи­миздан изоҳ ёҳуд қўшимча киритган бўлсак, уни /ётиқ/ ёки (оддий) қавслар орасида ингичка ётиқ ҳарфларда ёзилди.

Сўзимиз охирида алоҳида таъкидлашни истардикки, баҳс юритилган мавзуларда бирон қаттиқроқ иборага дуч келсангиз, билингки, бунда айнан кимнингдир нафсониятига тегиш кўзда тутилмаган, фақат бошқача сўзлар танланган тақдирда, таъсирга эга бўлмаслиги эҳтимолидан келиб чиқилган, холос.

Парвардигоро! Сен айбу нуқсонлардан поксан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз. Гувоҳлик берамизки, Сендан ўзга илоҳ йўқдир! Сендан мағфират сўраймиз ва Сенга тавбалар қиламиз.

Манбаалар асосида 

Шаҳрихон тумани “Қора-кўрпа”

масжиди имом-хатиби Б.Якубов