ЗУФАР ИБН ҲУЗАЙЛ

1088

Имом Азам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг жуда кўп шогирдлари бўлиб, улар ичида тўрт нафари энг машҳурлари саналади. Ҳанафийлик мазҳабини атрофга ёйилишида, кейинги авлодга етказилишида ўша тўрт талабанинг ҳизмати беқиёс бўлган. Улар: Имом Зуфар, Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва Имом Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳумуллоҳдир.

Уларнинг ичида энг каттаси аллома Абу Ҳузайл Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс ибн Салам анбарий эди. Имом Зуфарнинг отаси Исфаҳонлик бўлган. Икки нафар Ҳарсама ва Кавсар исмли укаси бўлган. Имом зуфар  ҳижрий 110 йили дунёга келади.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қўлида фақиҳ бўлиб етишди. Ўзи шундай деган: Имом Абу Ҳанифанинг хузурида 20 йилдан ортиқ вақт бўлдим. Мен ҳаётимда Абу Ҳанифадан кўра меҳрибон ва насиҳатгўй одамни кўрган эмасман. (Уқуд ал-жимон. Солиҳий. 208 – Б).

Имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳ вафотидан кейин у кишининг илм ҳалқасини Имом Зуфар бошқарган. У фиқҳда мисоли денгиз, ҳадисда даврининг донишманди, тақво ва зўҳдда ўрнак, илм ва амални ўзида бирлаштира олган раббоний олим, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шогирдлари ичида энг пешқадами бўлган.

Ҳасан ибн Зиёд айтади: Имом Зуфар билан Довуд Тоий иккови яқин ошна эди. Довуд Тоий кейинчалик фиқҳни қўйиб ибодатга берилиб кетди. Зуфар эса икковини ҳам ўзлаштирди. (Сияр аълом ан-нубало. 8 –Ж. 39 – Б).

Имом Зуфарни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам қаттиқ ҳурмат қилар эди. Бир куни шогирди ҳақида шундай деган экан: БуЗуфардир! Мусулмонларнинг имоми. Шараф, ҳасаб ва илмда тенгсизларидан бири! (Табақот ал-фуқаҳо. Куброзода. 20 – Б).

Ироқ муҳаддиси, ҳофиз Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ  тез-тез имом Зуфарнинг олдига масала сўраб келар экан. Ва ҳолбуки унинг ўзи ҳам катта олим эди. У  ҳар сафар: “Имом Абу Ҳанифанинг ортидан сендек олимни қолдириб кетган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”—деб миннатдорлик изҳор қилар экан. Унинг “Мен кўп олимларнинг ҳалқасида бўлдим. Аммо имом Зуфардан олганчалик илмий манфаатни бошқаларда топа олмадим”—деган эътирофи ҳам ривоят қилинган. (Ал-асмор ул-жания. Мулла Али қори. 535 – Б).

Имом Зуфар Басрада қозилик қилган. Аслида Басрага опасидан қолган меросни деб борган. Басра аҳли унинг илми ва иқтидорини кўриб, чиқиб кетишига қўймаган ва шу-шу Басрада қолиб кетган. Ўз шайҳи имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ вафотидан саккиз йил ўтиб, 48 ёшида Басрада вафот этган. Аллоҳ имом Зуфарни раҳматига қамрасин!

Авазбек домла МЎМИНОВ,

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби