Закоти берилган мол омонда бўлади

521

Бандаларни яратиб, уларга барча неъматларни ато қилган фа¬қат Аллоҳнинг Ўзи, демак, молу дунёни берган ҳам у Зотдир. Шун¬ай экан, банда Аллоҳнинг мол-дунё билан боғлиқ имтиҳонидан ўтиши керак. Аллоҳ таолонинг амрини молдан устун қўйиб, закот берадими ёки мол-дунёсига қул бўлиб, уни, муҳаббатини Раббисидан устун қўядими?
Аллоҳ азза ва жалла ана шундай имтиҳони билан сирот кўпригидан ўтадиганни йиқиладигандан ажратиб олади.
«Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади.
Шаръий истилоҳда «Закот – махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир».
«Махсус мол» – нисобга етган мол демакдир. «Махсус жуз» – закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқдордир. Мисол учун, бир кишига «Ушбу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот», деб бўлмайди. «Махсус шахс» деганда закот олишга ҳақли бўлган шахс назарда тутилган. «Аллоҳнинг розилиги учун» жумласи эса закотнинг ибодат нияти билан берилиши кераклигини англатади. «Шариат тайин қилган» деганда закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклиги назарда тутилади. Озгина садақа бериб, «шу закот» деб бўлмайди. «Мулк қилиб бериш» деган жумладан эса «ўша берилаётган мол уни олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди» деган маъно англанади.
Закот тўғри бўлиши учун ажратилган мол закот берувчи томонидан ҳақдорларга мулк қилиб берилиши керак.
Фойдаланиб туришга берилган буюмлар закот бўлмайди, шунингдек, кишиларни таомлантириб, «мана шу менинг закотим» дейиш ҳам жоиз эмас. Лекин таом сотиб олиб, закот деб ният қилиб берса бўлади.
Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир.
Закот Исломдаги беш рукннинг учинчисидир. У исломий ибодат бўлиб, ақийданинг ажралмас қисмидир. Ким закотни инкор этса, кофир бўлади, бордию уни адо этмаса, осий бўлади.
Қуръони каримда “закот” сўзи ўттиз мартадан ортиқ зикр қилинган бўлса, шулардан йигирма еттитасида намоз бирга келган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва сал¬лам суннатларида ҳам закотга катта эътибор берилган.
«Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва руку қи¬лувчилар (намозхонлар) билан бирга руку қилингиз (намоз ўқингиз)» (Бақара, 43).
«Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) йўлдир» (Баййина, 5).
Юқоридаги ҳар икки ояти каримада закот сўзи улуғ ибодат – намоз сўзига қўшилиб келмоқда.
Қуръони каримнинг бир неча оятларида закот намоздан ке¬йинги ўринда келтирилган. Бу закотнинг шартлиги намоз мажбуриятидан кам эмаслигига далилдир. Демак, намоз қанчалик фарз бўлса, закот ҳам шунчалик фарз.

Маълумки, закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закот тилло ва кумуш, пул мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан қатъий белгилаб берилган.

Тиллонинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,5 гр.) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Яъни қирқдан бири демакдир. Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисоб бир йил давомида кўпайган бўлиши шарт.
Маълумки, закот улуғ ибодат бўлиши билан бирга, унда буюк инсоний фазилатлар мужассам, закот бериш туфайли киши руҳий, ахлоқий камолотга эришади. Бунинг учун закот берувчида ихлос ва самимият бўлса бас.
Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Закот берсам бўлди, мен фарзни адо этган бўламан, деб хоҳлаган шахсга бериб юбориш динимиз кўрсатмаларига мутлақо зиддир. Чунки номуносиб шахсларга берилган маблағингиз, гарчи у ҳалол йўл билан топилган бойлик бўлса ҳам ношаръий ишларга йўналтирилиб, закот берувчи гуноҳкор бандалар қаторига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳалолидан топган бойлигингиздан ажратилган закотни Аллоҳни таниб Уни барча буйруқларига итоат қиладиган бева-бечора, етим-есир, камбағал, муҳтож оилаларга шунингдек, юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган ёрдамга муҳтож талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига ёрдам берилса, ҳам фарзни адо этган бўламиз, ҳам улкан савобларга эришамиз.
Закотни масжид ва турли ишлаб чиқариш корхоналарни қуришга ҳам сарфланмайди. Шунингдек, ўзи яшаб турган ҳудуд ва шаҳарда фақир ва мискинлар мавжуд бўлатуриб, закотни бошқа жойлардаги муҳтожларга юбориш ҳам макруҳдир. Агар закот берувчининг яқин қариндошлари ёки ўта мискинлар бўлса закотни юбориш жоиздир. Закотни беришда маслаҳат ила маълум ўринларга, юқорида қайди келган закотни олишга ҳақли бўлган, эҳтиёжманд кишиларга бериш амалнинг айни қабул бўлиш шартидир.
Закот берувчи одам ўзининг бераётган закотини чин қалбдан, хурсанд ҳолда ва рози бўлган ҳолда адо этиши лозим бўлади. Закотни олувчи инсон ҳам бўйнини эгиб эмас, балки азизу мукаррамлик ҳолда Аллоҳ берган ҳақни олаяпман деб олиши ва уни олаётган вақтда “бу менинг ҳаққим” деб билиши керак бўлади.
Закот бериш ва олиш жамиятда инсонларга бунёдкорлик руҳини вужудга келтиради. Улардан ҳаёт қийинчиликларини, изтироб ва машаққатни кетказади, бузғунчилик, ҳасадни йўқотади. Жамият аъзолари ўртасида ўзаро меҳрибонлик, раҳм-шавқат, тенглик, адолат ва муҳаббат вужудга келади. Закот олган кишиларда харид қуввати ошади, зера уларда қўлларидаги маблағга бир нарса сотиб олиш имконияти вужудга келади. Демак, закот жамиятдаги молиявий ҳолатларга ижобий таъсир кўрсатади. Кўплаб иқтисодий, моддий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўлида хизмат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди”.
Закотнинг ҳикматидан бири, унда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, руҳий покланиб, саховат ва мурувват фазилатларига эга бўлади. Аллоҳ таоло Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга буюриб:
“Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг…”, — деб марҳамат қилган.
Қолаверса, закот берилган мол ҳар қандай офат ва талофотлардан омон бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида шундай марҳамат қиладилар:
“Сизлар молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”.
Аллоҳ таолонинг бизга берган мол дунёсидан белгиланган закотни бериш, албатта унинг ўсиши ва баракотли бўлишида аосий омил бўлиш билан бирга, закотни олувчиларга ҳам катта манфаатлар бордир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг жорий 2020 йилдаги закот бўйича қабул қилинган қарори:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250 000 (икки юз эллик минг) сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 г. тиллодан) 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади.
Аллоҳ таоло бойларимизнинг ҳимматига барака, фақирларимизга қаноат ато айлаб, Ўзининг раҳмати ила бошимиздаги бу синовни тез орада даф қилсин.

Мухаммадкуддус Абдуҳалимов

Хўжаобод туман

“Етти чинор”

жоме масжиди имом ноиби