ЗАКОТ ҲАҚИДА (шартлари)

305

Закотга ҳақли саккиз синфнинг ҳаммасида закот олишлари учун шаръан фақирлик шарт! Агар фақир бўлмаса закот олишлари ҳалол эмас!
Лекин, закот ишига масъул ходимлар, озодлиги учун маблағ жамғараётган мукотаб қул ва йўл ўғли (мусофирлар)га фақирлик шарт эмас. Уларнинг ҳисобида нисоб миқдорига етарли мулки бўлса ҳам, закот олишлари мумкин.
Ўз ватанида нисоб миқдорига етарли бойлиги бор аммо, айни дамда қўлида маблағи йўқ мусофирлар том маънода “йўл ўғли” дейилади. Демак мусофир йўлда пулсиз қийналиб қолган бўлса, унга манзилига етиб олишига етарли миқдорда закот бериш мумкин. Гарчи унинг ўз ватанида нисобга етарли бойлиги бўлса ҳам.
Энди шундай кишилар борки, ўз ватанида муқим. Аммо уларнинг пуллари маълум муддат билан бошқаларга қарз берилган. Шу ҳолатда ҳақдорлар зоҳиран бой бўлсада айни ҳолатида ўзлари пулга муҳтож кишилардир. Булар закотга ҳақдор саккиз тоифанинг “йўл ўғли” деган синфига мажозан мансуб бўлишади ва эҳтиёжларига яраша, берган қарзининг муддати келгунча закот молидан олишга ҳақли ҳисобланадилар. Бошқалардан қарз олиб закот беришлари шарт эмас.
Агар уларнинг бировга берган пуллари номаълум муддатга бўлса ва қарздор эса қарзни қайтаришга имконсиз бўлса бу ҳолатда ҳам ҳақдорнинг гарчи қоғозда бой бўлсада амалда фақир бўлгани учун закот олиши мумкин. Асаҳ қавлга кўра, шундай.
Мабодо номаълум муддатга қарз олган одам бой бўлса, у ҳолда ҳақдор ҳаққини ундиради ва закот беради. Шунингдек, қарздор олган қарзини тан олмай инкор этиб турибди. Ҳақдорнинг эса даъвосига гувоҳлари бор. бу ҳолатда ҳам пул берган одам закот олишга ҳақсиз ҳисобланади, балки закот беради.
Мажозий “йўл ўғли” эҳтиёжини закот моли ҳисобига қондиргандан кўра, бировдан қарз олиб иш битирганлари афзал ҳисобланади.
Фақир деб моли нисоб миқдорига етмаган одамга айтилади. Моли нисобга етмаган одам соғлом бўлса ҳам, ҳунарманд бўлса ҳам закот олиши мумкин.
Битта фақирга нисоб миқдорича закот берса жоиз аммо макруҳ бўлади. Агар фақирнинг катта миқдорда қарзи бўлса, у ҳолда унга нисоб миқдоридан ортиқча закот бериш мумкин. Фақат фақир олган закотни қарзига бериб қўлида қолган миқдор закот нисобига етмаслиги керак. Шунингдек, фақирнинг қарамоғида бир неча нафар оила аъзолари бўлиб, у олган закотни шулар орасида тақсимласа ҳар бирига теккан улуш нисоб миқдорига етмаса у ҳолда ҳам унга нисоб миқдридан ортиқча закот бериш мумкин. Масалан бир одамнинг қарамоғида тўрт киши бор. Нисоб 20 миллион сўм. Унга 99 ярим миллион сўмгача закот бериш мумкин ва макруҳ бўлмайди. Чунки у олган закот маблағини ўзи ва оиласига тақсимласа бешовига 20 миллиондан тегмайди.
Бир одамни фақир деб ўйлаб закот берилди. Кейин маълум бўлдики у бой экан, ёки ҳошимий экан, ёки ғайри мусулмон экан бу ҳолатда қайтадан закот бериши шарт эмас. Шунингдек, қоронғуда закот тарқатишда бир одамга ҳам берди, кейин ошкор бўлдики у билмасдан ўз отасига ё ўғлига закот бериб қўйибди. Буни ҳам қайта бериш шарт эмас. Чунки у бошида ният билан закотга ҳақли деб қасд қилиб берган. Шу иши ҳисобга олинади.
Бир шаҳардаги бойликка шу шаҳардаги фақирлар ҳақли ҳисобланади. Бошқа шаҳар аҳолисига бериш макруҳ бўлади.
Шайҳ Муҳаммад Соғиржийнинг “ал-Фиқҳ ал-Ҳанафий ва адиллатуҳ” номли асари асосида
Авазбек домла МЎМИНОВ,
Андижон шаҳри “Чинор” жоме масжид имом-хатиби