Юртимиз тупроғи унумдордир

911

Юртимиз тупроғи унумдордир. Шунинг учун ҳам юртимизни жаннатмакон деймиз. Ариқларда, анҳор ва сойларда оқувчи зилол сувлар бизга оддий ҳолат бўлиб кўринса ҳам, қай юртлардадир бундай сувлар анқонинг уруғи. Бизга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ана шундай лутф айлаган. Шунинг учун бу юрт фарзандлари деҳқончиликка кўпроқ эҳтимом қиладилар.
Шариатимиз кўрсатмаларига кўра деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амал саналади. Қуръони каримда ҳам боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг изни остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга мададкорлигига далолат қилади.
وَنَزَّلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً مُبَارَكًا فَأَنْبَتْنَا بِهِ جَنَّاتٍ وَحَبَّ الْحَصِيدِ * وَالنَّخْلَ بَاسِقَاتٍ لَهَا طَلْعٌ نَضِيدٌ * رِزْقًا لِلْعِبَادِ وَأَحْيَيْنَا بِهِ بَلْدَةً مَيْتًا كَذَلِكَ الْخُرُوجُ * (سورة ق/11-9)
яъни: “Биз осмондан баракотли сув ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у билан “ўлик” шаҳарни “тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур”.
وَالْبَلَدُ الطَّيِّبُ يَخْرُجُ نَبَاتُهُ بِإِذْنِ رَبِّهِ وَالَّذِي خَبُثَ لَا يَخْرُجُ إِلَّا نَكِدًا كَذَلِكَ نُصَرِّفُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَشْكُرُونَ (سورة الأعراف/58)
яъни: “Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Раббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳар ери эса) фақат унумсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда такрор-такрор баён этурмиз”.
Дарҳақиқат, бозорлардаги тўкин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир.
Аллоҳ таоло инсон тириклигини ҳалол ризқ топиш йўлидаги саъю-ҳаракатга боғлади. Деҳқончилик банданинг ҳалол ризқ исташ манбаидир. Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
” أُطْلُبُوا الرِزْقَ في خَبَايا الأَرْضِ” (رواه الطبراني)
яъни: “Ерда экин-текин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингизлар”.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканидан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
Она-диёримизнинг бепоён ҳудудларида, айниқса, қишлоқ минтақаларида яшовчи ҳар бир инсонга фаровонлигимиз асосларидан бири – деҳқончилик, зироат экани яхши маълум. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
وَهُوَ الَّذِي أَنْشَأَ جَنَّاتٍ مَعْرُوشَاتٍ وَغَيْرَ مَعْرُوشَاتٍ وَالنَّخْلَ وَالزَّرْعَ مُخْتَلِفًا أُكُلُهُ وَالزَّيْتُونَ وَالرُّمَّانَ مُتَشَابِهًا وَغَيْرَ مُتَشَابِهٍ كُلُوا مِنْ ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَآَتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ (سورة ﺍﻷﻧﻌﺎﻡ/141)
яъни: “У шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган боғларни, таъми турлича хурмо ва мевали дарахтларни, ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида ҳаққини берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” .
Ҳа, албатта, улуғларимиз таъкидлаганидек, ҳақиқатан ҳам, халқимизнинг ризқу рўзи, насибаси, аввало, далаларимизда заҳматкаш деҳқонларимиз томонидан етиштирилган маҳсулотлар, озиқ-овқат ва нозу неъматлар билан ўлчанади.
Аллоҳ таоло бизларга шундай унумдор тупроқ, жаннатмакон юртни ато қилган экан, бизларга берилган ер неъматига хиёнат қилишга ҳақимиз йўқ. Кимки шундай ердан самарали фойдаланмаса, ношукурлик бўлади.

Турсунали Норбўтаев

Асака туман

“Мирзо Шариф”

жоме масжиди мутаваллиси