Ҳар бир инсон доимо ёшлар тарбиясида ўта эҳтиёткор бўлиши, фарзандларини зарарли ғоялардан ўз вақтида ҳимоя қила олиши давр талаби эканлигини унутмаслиги керак. Ҳукамолар айтганларидай: “Ўзингни ёмон кишилар суҳбатидан узоқ тут, чунки ёмон кишилар суҳбати жаҳаннам ўтидан ҳам ёмонроқдир. Ҳар суҳбатнинг бир таъсири бўлади. Чунчи, яхши кишилар суҳбати фазилатни оширса, ёмон кишилар суҳбати заҳматни оширади”.

Луқмони Ҳакимнинг фарзанди ўзига номақбул дўстларни улфат қилибди. Улар билан борди келдини кўпайтириб бориши ҳар қандай ота сингари, Луқмони Ҳакимнинг ҳам ғашини келтирибди. Бир куни у ўғлини чақириб:

  • Болам, дўстни бўлгани яхши, аммо дўст танлашда адашиб қолма. Ҳозирги дўстларингни ҳулқи яхши эмас. Сенга ёмон таъсир кўрсатишлари мумкин – деб насиҳат қилибди. Ўғли эса ўзига ишонч билан:
  • Отажон, сиз менга кучли тарбия бергансиз, панд-насиҳатларингиз ҳар доим қулоғим остида туради. Дўстларимнинг ёмон ҳулқлари менга асло таъсир кўрсатмайди, ҳавотир олманг – деб чиқиб кетибди. Орадан бир неча кун ўтиб Луқмони Ҳаким боғдорчилик ишлари билан ўғлини ёрдамга чақирибди. Қараса, ўғли бутун олмаларни алоҳида, кам сонли бўлсада қурт тушган олмаларни эса алоҳида саватга жойлаётган экан. Луқмони Ҳаким ўғлига барча олмаларни бир саватга жойлайверишини тайинлаб ўз ишида давом этибди. Вақт ўтибди, зарур бўлганда олмалар қўйилган жойга бориб қарашса барча олмаларга қурт тушиб бутуни кам қолган экан. Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасга эътироз билдириб:
  • Отажон, олмаларни қўшиб теришимни буюрган эдингиз, қурт тушган битта-иккита олмани деб олмаларнинг ҳаммасини қуртга ем қилибмизку – дебди. Ота эса бир жилмайиб қўйиб: Кўрдингми болам, гарчи қурт тушмаган олмалар, қуртлаганларидан кўра кўпроқни ташкил қилган бўлсада қолганларини ҳам бузибди, уларга ҳам қурт тушурибди. Сен қандай қилиб қалбига қурт тушган улфатларинг билан бир жойда кўп вақтга қоласану, улар орасидан соғлом қалб билан қайта оласан – деб айтган экан…!

Аллоҳ таоло барчаларимизни қалбига , эътиқодига қурт тушган дўстлардан , турли фитна, ва ихтилофлардан узоқ қилиб, Ўзининг рушду ҳидоятидан асло айирмасин.

Сирожиддин домла Ҳакимов,

Олтинкўл тумани “Ҳазрати Умар”

жоме масжиди имом-хатиби.